Қашқадаре вилояти Яккабоғ тумани Дархон маҳалласида яшовчи фуқаро Р.О. ушбу ҳудудда жойлашган «Кунжутлитепа» археология ёдгорлигини тўлиқ бузиб, ундан чиққан тупроқни сотиб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар берди.

Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси фуқарони бир неча бор огоҳлантирган, бироқ бу уни тўхтатиб қололмаган. Бунинг натижасида мазкур маданий меросга 47,5 млрд сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.

15 август куни ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 132-моддаси 3-қисми (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса — 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилди. Суднинг ажрими билан фуқаро Р.О. қамоққа олинган.

«Кунжутлитепа» шаҳарчаси ҳукуматнинг 2019 йилдаги қарори билан Ўзбекистон моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси оператив бошқарувида бўлган.

Аввалроқ, Қашқадарёнинг мазкур туманида жойлашган Х-ХII асрларга оид «Чордангитепа» археология ёдгорлигининг бир қисми, Самарқанд туманидаги VI-VII асрларга оид «Номсизтепа» археология ёдгорлигининг ҳам бир қисми, қолаверса, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги «Ўрдатепа» ва «Гаистонтепа» археология ёдгорликлари эса тўлиқлигича бузиб ташлангани аниқланганди.

Май ойида Бош прокуратура Ўзбекистондаги 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма ўрнатилганини аниқлаганди. Жуладан, Сурхондарёдаги I-IV асрга тааллуқли «Мангузартепа» да уяли алоқа оператори антенна қурилмаларини ўрнатиб олгани айтилганди. 76 та ноқонуний қурилмани буздириш бўйича ёзма кўрсатма берилди, 63 таси бўйича иш судга оширилди. Қолаверса, 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Февраль ойи ўрталарида президент имзолаган қонун билан Маданий мерос агентлигига унинг кўрсатмаларига риоя қилмаган шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати берилганди. Бунинг учун жарима фуқароларга БҲМнинг — 5 бараваригача, мансабдор шахсларга — 7 бараваргача этиб белгиланди. Шунингдек, моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ва уларга зарар етказиш учун жиноий жазо кучайтирилди.