Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги «Гаистонтепа» археологик ёдгорлиги вайрон бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Маданий мерос агентлиги матбуот хизматлари хабар берди.

Идораларнинг маълум қилишича, Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан моддий маданий мерос объекти ҳудуди уй-жой қуриш учун ноқонуний равишда ажратилган.

Шунингдек, туман кадастр ва қурилиш бўлими раҳбарлари томонидан қонун талабларини бузган ҳолда, объект ҳужжатлари оид ҳужжатлар туман кадастр ва қурилиш бўлими бошлиқлари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда ер участкаларини бериш масаласини кўриб чиқувчи комиссияга тақдим этилиб, объект ноқонуний равишда фуқароларга дала ҳовли қуриш учун ажратилган.

Оқибатда, «Гаистонтепа» археология ёдгорлиги 2020−2021 йиллар давомида фуқаро З.М. томонидан бузиб ташланиб, ўрнига уй-жой қурилгани натижасида тарихий объектга 80 млрд. сўм жиддий зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг 132-моддаси (моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва 205-моддалари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.