Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани «Навкент» маҳалласи ҳудудидаги «Ўрдатепа» археологик ёдгорлиги вайрон қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати органлари археология ёдгорлигининг 0,03 гектар қисми фуқаро Ж. У. томонидан ҳамда 0,02 гектар қисми фуқаро А. Ю. томонидан махсус техника ёрдамида бузиб ташланиб, ўрнига ўзбошимчалик билан уй-жой қурилган.

Оқибатда тарихий ёдгорликкка қарийб 72 млрд сўмлик жиддий зарар етказилгани аниқланди. Текшириш натижасига кўра, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан бир неча кун муқаддам худди шу туман масъул ходимлари «Гаистонтепа» археология ёдгорлиги ҳудудини уй-жой қуриш учун ноқонуний равишда ажратиб бергани, икки йил ичида моддий маданий мерос объекти бутунлай вайрон бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу маданий мерос объектига етказилган зарар 80 млрд сўмга баҳоланмоқда.