Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни Маданий мерос агентлигининг кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 198−5-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, Маданий мерос бўйича агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари кўрсатмаларига риоя қилмаслик фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (810 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача (1млн 350 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 890 минг сўм) миқдорида жарима солинади.

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги нафақат маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузган, балки агентлик кўрсатмаларини бажармаган шахсларга нисбатан ҳам мустақил равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳуқуқига эга бўлди.

Янги қонунда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ёки шикаст етказганлик учун жиноий жазо ҳам кучайтирилди.

Унга кўра, юқоридаги ҳолат такроран ёки хавфли рецидивист, қолаверса, бир ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб (илгари фақат катта зарар етказган ҳолда) содир этилган бўлса, эндиликда Энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ё 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ё 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари — 300 дан 500 бараваргача миқдорда жарима ёки 360 дан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш).

Эслатиб ўтамиз, Маданий мерос агентлиги президентнинг 2021 йилнинг апрелдаги фармони билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.