Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида иккита археологик ёдгорликка зиён етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган Х-ХII асрларга оид «Чордангитепа» археология ёдгорлигининг бир қисми фуқаро М.Ф. томонидан бузиб ташланиб, ўрнида уй-жой қуриб юборилгани ва давлат манфаатларига 315 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги VI-VII асрларга оид «Номсизтепа» археология ёдгорлиги бир қисми номаълум шахслар томонидан бузилиши оқибатида, давлат манфаатларига 1,5 млрд сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Текшириш натижаларига кўра, жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида «Ўрдатепа» ва «Гаистонтепа» археологик ёдгорликлари вайрон қилингани, Уйчи туманида эса «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)» археологик ёдгорлигида тадбиркор кўп қаватли уй қургани, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Хўжакенттепа археологик ёдгорлиги ҳудудида дала ҳовли қурилаётгани ва бошқа ҳолатлар ҳақда хабар берилган эди.