20 август куни соат 01:45 ларда А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 223-километрида Isuzu ва иккита Lacetti иштирокида ЙТҲ содир бўлди, деб хабар берди Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.

Isuzu юк автомобилида «Водий — Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, ўзининг олдида ҳаракатланиб кетаётган иккита Lacetti автомашиналари билан тўқнашиб, йўлни икки кисмига ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган.


Ҳодиса оқибатида автомашиналар техник шикастланган. Isuzu автомобили ҳайдовчиси ва йўловчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни кечаси соат 00:05 атрофида А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 222-километрида ёқилғи ташувчи юк машинаси ва Damas тўқнашиб кетиши оқибатида тўрт киши вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.