21 июль куни соат 00:05 атрофида А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 222-километрида ЙТҲ содир бўлди, воқеа оқибатида ҳалок бўлганлар бор, дея хабар берди Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Фарғона водийсидан Тошкентга қараб ҳаракатланиб кетаётган MAN русумли ёқилғи ташувчи юк автомашинаси (давлат рақами 40 Q 486 XA, тиркама рақами 40 АА 7422), қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, Damas автомашинаси (давлат рақами 40 Q 943 WA) билан тўқнашган.

Оқибатда ҳодиса жойида ёнғин юзага келиб, транспорт воситалари ёниб зарарланган. Ёнғин содир бўлган ҳудудда Nexia автомашинасига ҳам техник шикаст етган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси «Газета.uz»га ҳозирда суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда, қўшимча маълумотлар кейинроқ эълон берилишини маълум қилди.

«Газета.uz»га Наманган вилояти ЙҲХБ дастлабки маълумотларга асосланиб, аниқлик киритишича, ёқилғи ташувчи юк машинаси ичидаги икки нафар ва Damas ичидаги икки нафар фуқаро вафот этган. Авария натижасида юзага келган ёнғинда ҳам одамлар ҳалок бўлган бўлиши мумкин.