Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов истеъфога чиқарилди. Буни «Газета.uz»га бир-биридан мустақил икки манба тасдиқлади.

Сенат 13 июль кунги ялпи мажлисда унинг номзодини Олий суд раислигига қайта тайинлашни тасдиқлаб берганди. Козимжон Комилов мазкур лавозимга 2017 йилда тайинланганди. Унга қадар эса Олий хўжалик судига раислик қилган. 2017 йилга қадар Олий суд раиси лавозимида Шоюнус Ғозиев фаолият юритган.

Бахтиёр Исломов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Таҳририят манбаларига кўра, унинг ўрнини президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов эгаллаши кутилмоқда. У 2021 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида мазкур лавозимда Рустам Иноятовнинг ўрнини эгаллаганди.

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра, Олий судга раис номзоди президент тақдимномасига асосан Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.