27 май куни Олий Мажлис Сенати Козимжон Комиловни судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, беш йил муддатга Ўзбекистон Олий судининг раиси лавозимига сайлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Муқаддам Козимжон Комилов Олий хўжалик суди раиси эди. Шоюнус Ғозиев эса Олий суд раиси эди.

Сенатнинг бошқа қарори билан Олий суд ўринбосарлари сайланди. Холмўмин Ёдгоров муддатсиз даврга Ўзбекистон Олий cуди раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. У бунга қадар Олий суд судьяси лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Баҳодир Деҳқонов беш йил муддатга Олий cуд раисининг ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. У бунга қадар Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари эди.

Бахтиёр Исаков ўн йил муддатга Олий cуд раисининг ўринбосари — иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Бунга қадар у Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари эди.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан Ўзбекистонда Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд жараёнлари соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилади.