Нукус воқеаларида вафот этганлар сони 3 кишига ортди

Нукусдаги воқеалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони яна 3 кишига кўпайди, дея хабар берди Бош прокуратура. 16 киши касалхонада қолмоқда. Фуқаролар, ташкилотлар ва инфратузилмага етказилган зарар 3,1 млрд сўмни ташкил этди.

Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги воқеа иштирокчилари ғойиб бўлганини рад этди

Қорақалпоғистондаги намойишларда қатнашган айрим фуқароларнинг бедарак йўқолгани ҳақидаги маълумотлар «мутлақо асоссиз», дея маълум қилди Бош прокуратура. Аввалроқ Open Dialogue Foundation бедарак йўқолган фуқароларнинг 58 нафар исми-шарифи рўйхатини эълон қилган эди.

UzAuto Motors компанияси Tracker автомобилини ишлаб чиқаришни бошлади

UzAuto Motors Chevrolet Tracker 2023 автомобилини серияли ишлаб чиқаришни бошлади. Машина август охирида сотувга чиқарилади. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 мингтани ташкил этади. Шу йил охиригача эса 25 мингта кроссоверни сотувга чиқариш режалаштирилган.

Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари пора олаётганда ушланди

ДХХ Оқолтин тумани ҳокими ўринбосарларидан бирини ўз хизмат хонасида МЧЖ иш юритувчисидан 400 доллар пора олаётганда ушлади. У МЧЖни «қора рўйхат»га киритиш билан қўрқитиб, 500 доллар талаб қилган.

Inkuzart Путин ва Зеленский тасвирланган граффитти чизди

Кўча рассоми Inkuzart ўзининг янги ишини тақдим этди. У ўзида ҳар бири турли бурчаклардан кўринадиган икки портрет — Владимир Путин ва Владимир Зеленский тасвирларини мужассамлаштиради. «Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати борлигини айтмоқчи бўлдим», — деди ижодкор «Газета.uz»га.

Ўзбекистон 2031 йилгача уран қазиб олиш ҳажмини икки баравар оширмоқчи

2031 йилгача Ўзбекистонда уран қазиб олиш ҳажмини икки баравар — 2021 йилдаги 3526 тоннадан 7100 тоннагача ошириш режалаштирилмоқда.

ЕХҲТ миссияси Ўзбекистон референдумини кузатишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолайди

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдумга тайёргарлик билан танишиб, овоз бериш жараёнини кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

90 минг долларни Тожикистонга олиб ўтмоқчи бўлган аёл тўхтатиб қолинди

ДХХ ҳамда божхона қўмитаси ходимлари 90 минг долларни Тожикистонга олиб ўтмоқчи бўлган аёлни тўхтатиб қолди. У чегарадан пулнинг бир қисмини аввал оёқ кийимлари ичига, кейинги сафар эгнидаги кийимлари орасига яширган ҳолда ўтмоқчи бўлган.

Фарғонанинг тоғли ҳудудларида музли сел келиши хавфи эълон қилинди

18−24 июль кунлари Қирғизистон ҳудудидан Фарғона вилояти тоғ олди ва тоғли ҳудудларида гляциал (муз) сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу тоғларда бўлиши кутилаётган юқори иссиқ ҳарорат фони ҳисобига содир бўлади, дея маълум қилди Ўзгидромет.

Электромобиль импорти 4,5 баробарга ошди

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга умумий қиймати 34,1 млн доллар бўлган 1125 та электромобиль олиб кирилди. Импорт ҳажми 4,5 баробарга ўсган.

Ўзбекистонлик ўқувчи Халқаро биология олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди

Арманистонда ўтган 33-Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик Азиза Абдувалиева бронза медалини қўлга киритди.

Халқаро кимё олимпиадасида 4 нафар 11-синф ўқувчиси кумуш медалга эга чиқди

Хитойда ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 3 нафар ҳамда Навоий шаҳридаги мактабнинг яна бир 11-синф ўқувчиси кумуш медални қўлга киритди.

Оғир атлетика бўйича 2024 йилги Осиё чемпионати Тошкентда бўлиб ўтади

2024 йилда оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилиш учун Тошкент танланди, бу Ўзбекистонга Париж Олимпиадасига лицензия очколарини тақдим этади.