Тошкент вилоятининг Бекободда умумий 90 минг АҚШ долларини Тожикистонга ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган аёлни Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари тўхтатиб қолди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, бекободлик 1979 йилда туғилган аёл Ш. М. 20 минг долларни оёқ кийимлари ичига яшириб, «Фарҳод» чегара божхона пости орқали Тожикистонга олиб ўтмоқчи бўлган. Унинг ҳаракатлари тўхтатилган ва ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётган вақтда у яна бир бор худди шундай ноқонуний ҳаракатни содир этди.

Бу сафар у эгнидаги кийимлари орасига яширган ҳолда 70 минг долларни айнан шу чегара божхона пости орқали қўшни давлатга олиб чиқишга уринган.

Маълум бўлишича, ушбу кўп миқдордаги хорижий валюта қимматликлари Тожикистон фуқаросига тегишли бўлган. Ш. М. пулларни олиб ўтгани эвазига маълум бир миқдорда пул маблағи олиши керак бўлган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.