Хитой давлатида масофавий тарзда ўтказилган 54-Халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 4 та кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Мазкур олимпиадада дунёнинг 80 та давлатидан 320 нафар ўқувчи иштирок этган.

Жумладан, Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Мафтуна Бадалова, Азимжон Жамолов, Икромиддин Боймаҳаммадов ҳамда Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-АФЧЎИМ (айрим фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб)нинг 11-синф ўқувчиси Шерзод Шайматов совриндор бўлди.

Маълумот учун, халқаро фан олимпиадаларида кумуш медални қўлга киритган ўқувчиларга 90 млн сўм, ўқитувчиларига эса 75 млн сўмдан пул мукофотлари топширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Арманистонда ўтган 33-Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик Азиза Абдувалиева ҳамда Норвегияда бўлиб ўтган 63-Халқаро математика олимпиадасида Лазизбек Ражаббоев бронза медалини қўлга киритгани хабар қилинганди.