19−22 июль кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертларининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Миссия ташрифидан кўзланган мақсад «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича бўлажак Республика референдуми тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш билан танишиш, шунингдек, референдум тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил қилишдан иборат.

«ДИИҲБ Миссияси хулосалари асосида ЕХҲТ бўлажак республика референдумини кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, унинг формати, давомийлиги ва кузатувчилар таркиби тўғрисида қарор қабул қилади», — дейилади хабарда.

Ташриф давомида миссия мутахассислари Марказий сайлов комиссияси раиси, қатор вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашади.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июн куни Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар шакллантириш бўйича конституциявий комиссия аъзолари иштирокидаги йиғилишда референдум йўли билан Конституцияга ўзгартишларни қабул қилишни таклиф қилган эди.

Қонунга кўра, парламентнинг ўзи Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. «Лекин конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Июнь ойининг охирида МСК референдумга тайёргарлик бошланганини эълон қилди. Унинг қачон бўлиб ўтиши ҳозирча номаълум. Қонунчиликка кўра, референдум ўтказиш санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин овоз бериш парламент палаталарининг қарорлари эълон қилинган кундан бошлаб бир ярим ойдан уч ойгача бўлган муддатда исталган кунга белгиланиши мумкин.

Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси айни пайтда умумхалқ муҳокамасида. У 4 июлда якунланиши керак эди, бироқ муҳокама аввалига 15 июлга, кейин эса 1 августга узайтирилди.