Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов душанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган намойишларда қатнашган айрим фуқароларнинг бедарак йўқолгани ҳақидаги маълумотни «сохта» деб атади.

8 июль куни Reuters Европа инсон ҳуқуқлари ташкилоти — Open Dialogue Foundation камида 58 нафар бедарак йўқолган фуқароларнинг исм-шарифлари рўйхатини тузганини хабар қилган эди.

«Афсускин, айрим хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолганлиги ҳақида мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган „фейк“ хабарлар тарқатилмоқда», «, — дея маълум қилди у.

Тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган бир қисм фуқаролар ўз яшаш уйларида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканликлари аниқланган.

«Шундай бўлса-да бу ҳолат Бош прокуратура тезкор-тергов гуруҳи томонидан назоратга олинди ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилмоқда», — дея қайд этди Ҳаёт Шамсутдинов.

Бош прокуратура вакили барчадан «сохта ва уйдирма маълумотларга ишонмасдан, ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни Бош прокуратура штаби ахборот манбаларидан олишни» тавсия қилди.