16 июль ҳолатига кўра, Қорақалпоғистонда ўтказилган тергов ҳаракатлари доирасида ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинди. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

Унга кўра, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 274 нафар фуқарога тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган. Келтирилишича, ҳозирда 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда, Шунингдек, 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, вафот этган. Ҳозирда вафот этганларнинг умумий сони 21 нафарга етди.

Ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаролар жабрланувчи деб эътироф этилди.

Таъкидланишича, жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган, уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган.

«Сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар тўла таъминланган. Ушланганларнинг соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Қолаверса, ҳозирга қадар фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд 147 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Бош прокурор матбуот котиби Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар юзасидан бирон-бир маълумотга ёки ишга алоқадор ашёларга эга бўлса, уларни тергов-тезкор гуруҳига тақдим этишни сўради.