2022/2023-ўқув йили учун хориж ҳамда республикадаги ОТМлар ўртасида ўқишни кўчириш учун аризалар онлайн қабул қилинади, деб хабар берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Ўқишини кўчириш, қайта тиклаш бўйича аризалар қуйидаги электрон тизимлар орқали қабул қилинади:

  • transfer.edu.uz — республиканинг бир ОТМдан бошқа ОТМга ёки бир ОТМ доирасида;
  • my.dtm.uz — хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан.

Қабул 2022 йил 15 июлдан 5 августгача (шу куни ҳам) давом этади.

Керакли ҳужжатлар:

  • ариза (онлайн тарзда)
  • транскрипт ёки рейтинг дафтарчаси (ЖПГ ёки ПДФ шакли)
  • академик маълумотнома (ўқишни тикловчилар учун).

Вазирлик жорий йилдан бошлаб фақат 2 тоифадаги талабалар (турмуш қурса ёки давлат хизматчисининг иши бошқа жойга ўтганда)га ички «перевод» учун ўқишини кўчиришга рухсат берилишини эслатиб ўтди.

Хориждан ўқишни кўчиришда эса эски тартиб сақланиб қолган:

  • мос ва турдош йўналишга тест ёки ижодий имтиҳон топширади ҳамда ўтиш балини тўплаш талаб этилади;
  • ўтиш балини тўплай олмаса, супер-контракт шартлари асосида ўқишини кўчиришга рухсат берилади;
  • хориждан мос ва турдош бўлмаган йўналишга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.

Бундан ташқари, Олий таълим вазирлиги хориждан ўқишни кўчириш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тестлар якунига етгач, ҳужжатлар қайта текширилиши ҳақида огоҳлантирди. Агарда ушбу жараёнда сохта ҳужжатлар аниқланган, олий таълим муассасасида қарздорликлар мавжуд бўлса, талаба ўтиш балидан юқори балл тўплаган тақдирда ҳам унга ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди.