Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан талабаларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш тартиби тасдиқланди.

Хорижий олий ўқув юртларидан Ўзбекистон давлат ОТМларига таълимнинг мос ва турдош бўлмаган йўналишларига кўчиришга йўл қўйилмайди.

Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:

  • талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
  • тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
  • ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
  • тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда тегишли олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;

Ўқишни давлат олий таълим муассасаларининг биридан бошқасига кўчиришда талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда ёки давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида рухсат берилади.

Аввалроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбари Абдуқодир Тошқулов Қонунчилик палатасининг 7 июндаги ялпи мажлисида ўқишни кўчириш билан боғлиқ ишларда фирибгарлик ҳолатлари борлиги ва шунинг учун энди фақат икки тоифадаги талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилиши ҳақида маълум қилганди. Унинг қайд этишича, ўтган йили ўқишни кўчириш учун 60 минг киши ариза топширган, бу йил 150 мингтагача етиши кутилмоқда, бироқ «энди бу масала ҳал қилинди». «Талаба тупроқшуносликка ҳужжат топшираяпти, мақсади биологияда [факультет] ўқиш. Талаба биринчи курсдан мақсадини белгилаб олиши керак», — деди у.

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат ОТМ талабалари давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига ўқишни кўчиришда тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов амалга оширади. Мос ва турдош бўлган таълим йўналишларига ўқишни кўчиришда эса талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади.

Шунингдек, спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ҳамда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ, сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга рухсат берилади.