Apple компанияси ўзининг янги iPad маҳсулотига ишланган рекламаси учун узр сўради, деб ёзмоқда The Guardian.

Гап шундаки, 9 май куни компания бош директори Тим Кук Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида бир дақиқалик видеони эълон қилди. Унда мусиқа ҳамоҳанглигида гидравлик пресс қурилмаси маданият ва санъатга оид нарсаларни майдалаб юборганини кўриш мумкин: пианино, гитара, телевизор, китоблар, бўёқ банкалари ва бошқалар. Видео ҳозиргача X тармоғида 60 миллионга яқин кўрилди.

Видео сўнгида пресс таъсирида майдаланган ашёлар ўрнида янги iPad пайдо бўлади — шу тариқа Apple ўзининг янги қурилмаси қанчалик юпқа ва кўп функцияли эканини кўрсатмоқчи бўлган.

Кўп ўтмай, видео ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учради — аксар фойдаланувчилар рекламани янги технологиялар инсоният санъати ва тажрибасини қандай йўқ қилаётганининг намойиши сифатида қабул қилди.

Реклама Кукнинг саҳифасидан, шунингдек, компаниянинг YouTube каналидан олиб ташланмади, бироқ Apple мазкур намойиш учун узр сўради ва видеони телевидениеда кўрсатмаслигини таъкидлади.

7 май куни Apple ўзининг навбатдаги тақдимотида янги моделдаги планшетлар — iPad Air ва iPad Pro`ни намойиш этганди. Уларнинг янги моделлари диагонали 11 ва 13 дюймли бўлади. 13 дюймли модель компания тарихидаги энг ингичка қурилмага айланди — 5,1 мм.