Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифини Олтиариқдан бошлади. Адирдаги 1000 гектарлик плантация.

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқда ташкил этилган адирликдаги минг гектарлик плантациядан бошлади. Бу ерда 560 гектарда токзор барпо этилган, 300 гектарлик интенсив боғда эса олма, гилос, ўрик кўчатлари экилмоқда. «Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади», — деди президент.

«Бундан кўра уйимни ёқиб юборса яхши эди». Фарғоналик фермер туман ҳокими устидан арз қилиб, президентга мурожаат йўллади

Президентнинг Фарғонага ташрифи арафасида фермер Иқболжон Мелибоев Бувайда тумани ҳокими устидан шикоят қилиб, видеомурожаат йўллади. Буни ёритган фарғоналик журналистга босим ўтказилгани ва ишдан бўшаш ҳақида ариза сўралгани айтилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги вазиятни ўрганишни бошлади. Жамоатчилик фаоллари эса мазкур ҳолатни кескин қоралаб, «фермер ва журналистдан қўлларни тортишни» талаб қилмоқда.

Инсон аъзолари трансплантацияси тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Президент инсон аъзолари трансплантациясига оид қонунни имзолади. Унга кўра, инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш тиббий хулоса асосида ва беморнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Мурда аъзоларини олишга эса унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади. Қонун билан шунингдек, инсон аъзоларини ва тўқималарини олиш тақиқланган ҳолатлар ҳам белгилаб берилди.

Сўх-Риштон йўлида сел туфайли транспорт ҳаракати тўхтатилди

Сўх-Риштон автомобиль йўлига сел натижасида лой ва тошлар оқиб келгани сабабли транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

Самарқанддаги ЙТҲда уч киши ҳалок бўлди

Самарқанд вилоятида Nexia автомобилининг каналга тушиб кетиши оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ва 29 ёшли эркак ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи тирик қолган, ҳайдовчи воқеа жойидан яширинган.

Сурхондарё вилоятида 5 баллик зилзила содир бўлди

Пайшанба куни соат 15:27 да Сурхондарё вилоятида 5 баллик зилзила содир бўлди, эпицентр — Бойсун тумани. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг ўнлаб ҳудудларида 2 баллдан 5 баллгача бўлган ер силкинишлари кузатилди.

Ўз фанидан халқаро ёки миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоизгача устама тўланади

Президент қарорига кўра, мактабларда халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагогларга 50%, миллий тест тизимида олинган сертификатга эга ўқитувчиларга 20% устама тўланади. Кутубхона ҳодимларининг ойлиги эса 1,2 бараварга оширилади. Қолаверса, 1 сентябрдан «Намунали мактаб» рейтинги жорий этилади.

Air Marakanda иш ва хизматлари нархлари хорижий валютага боғланишига рухсат берилди

Президент фармони билан Самарқанд аэропортини бошқарувчи Air Marakanda компаниясига иш ва хизматлар нархлари чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилди.

Кутилаётган сув танқислиги шароитида суғориш учун сув олиш лимитлари тасдиқланди

Ҳукумат кутилаётган сув танқислиги шароитида Ўзбекистонда суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлади. Мамлакат бўйича лимит 28,2 млрд куб метр сувни ташкил этади, бу ўтган йили олинган сувнинг тахминан 94,5 фоизига тенг.

15 майдан Қозоғистонга поездлар қатновини тиклаш режалаштирилмоқда

Май ойининг ўрталаридан «Нукус — Бейнеу — Нукус» ва «Олмаота — Тошкент — Олмаота» темир йўл қатновлари қайта тикланмоқда. Уларнинг йўлга қўйилиши олдинроқ режалаштирилганди, бироқ Қозоғистондаги карантин чекловлари туфайли кейинга қолдирилганди.

«Ўзбекнефтгаз» раисига янги ўринбосарлар тайинланди

«Ўзбекнефтгаз» компаниясида раиснинг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари, қурилиш ва транспорт ҳамда иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимга тайинланди.

Ҳукумат аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун субсидиялар ажратади

Ҳукумат қарорига мувофиқ, энди хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлар қишлоқ хўжалигидаги ширкат хўжалигининг улушдори бўлиш учун субсидия олиши мумкин. Шунингдек, ишсиз фуқаролар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтса, дастлабки 3 ойда бино ва иншоотларнинг ижараси қоплаб берилади. Қолаверса, иссиқхона қуриш, суғориш воситалари ва кўчатларни харид қилиш учун 810 мингдан 8,1 млн сўмгача судсидия берилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«IT — аёлларнинг иши эмаслигини кўп айтишган» — Amazon компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Ходжаева

Amazon компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Ходжаева — «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. У АҚШда IT-мутахассиси сифатидаги иш тажрибаси, ғарбча ва ўзбекона турмуш тарзи ўртасидаги фарқ ҳамда Америка меҳнат бозорида иш берувчилар томонидан қадрланадиган ходимларнинг шахсий фазилатлари тўғрисида сўзлаб берди.

Пойтахтдаги болалар майдончасида бир нечта болалар жиддий жароҳат олди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги болалар майдончаларидан бирида бир неча бола қўлидан оғир жароҳатлар олди, айримларининг бармоқлари ампутация қилинди. Мазкур майдонча «Обод маҳалла» дастури доирасида 2021 йил сентябрь ойида қурилган эди.