Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раисининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими ташкил этилди. Мазкур вазифани вақтинча бажариш Трансформация ва операцион самарадорлик департаменти бошлиғи Беҳзод Бобурович Усмоновга юклатилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Бундан ташқари, раиснинг қурилиш ва транспорт бўйича ўринбосари лавозими вазифаларини бажаришга Шуҳрат Кидирбаевич Даулетияров тайинланди. У «Ўзбекнефтгаз» Капитал қурилиш ва таъмирлаш департаменти бошлиғи, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатасида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Бошқарув раисининг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари лавозимида эса Сардор Алишерович Мирзаев иш бошлади. Бугунги кунга қадар, Сардор Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатасида фаолият юритган.

Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўзининг ўринбосарлари фаолиятини танқид қилгани ҳақида ёзгандик. Унинг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ашуров ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.