Самарқанд вилоятида Nexia автомобилининг каналга тушиб кетиши оқибатида 15 ва 16 ёшли ўсмирлар (7 ва 8 синф ўқувчилари) ва 29 ёшли эркак ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

ЙТҲ 8 май куни кечаси Самарқанд туманидаги Бадал қишлоғида рўй берган. Авария вақтида машинада 5 киши бўлган.

Уч киши машинадан чиқишга улгурмаган ва воқеа жойида ҳалок бўлган. Машинанинг олд ўриндиқларида бўлган ҳайдовчи ва йўловчи сувдан чиқишга улгурган. Ҳайдовчи воқеа жойидан яширинганлиги айтилди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3 қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамларга ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.