Ўзбекистондаги барча мактабларда ўз фанидан халқаро ёки миллий сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақ тўланади. Халқ таълими вазирлиги бу қайси даражалар бўйича баҳоланиши ҳақида маълумот берди.

«2022−2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармонига кўра, умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга қуйидаги тартибда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади:

  • халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга -уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида;
  • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида.
  • миллий тест тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида.

Бунда 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида С1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 фоиз миқдорида тўланади.

Шунингдек, вазирлик 1 сентябрдан бошлаб тизимдаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва «Болалар кутубхоналари» ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилишини маълум қилди.

Қолаверса, 1 сентябрдан барча туман (шаҳар)лари кесимида «Намунали мактаб» рейтинги жорий этилади. Президентнинг «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарорига кўра, ҳар ўқув йили якунида мактаблардаги маънавий-маърифий ишлар ҳолатини вазирлик баҳолаб боради.

Бунинг учун мактабларда махсус комиссиялар тузилади ҳамда уларнинг хулосаларига кўра, рейтинг кўрсаткичлари асосида мактаблар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади. «Қизил» тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.