11 май куни кечқурун ёғган қисқа муддатли ёмғир натижасида Фарғона вилоятининг Сўх ва Фарғона туманларида сел оқими кузатилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Ижтимоий тармоқларда йўл бўйлаб электр узатиш устунлари ёнидан оқиб ўтаётган лой оқими акс этган видео тарқалди.

Сўх туманининг Малбут ва Девайрон қишлоқларидаги сел йўлларида сув сой ўзанига сиғмай, Сўх-Риштон автомобиль йўлининг қатнов қисмига лой ва тоғ жинсларини олиб келган. Автотранспорт ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.

Малбут қишлоғида уйлар ертўлалари, қўшимча бинолар ва томорқа ерлари сув остида қолган. Ҳозирда муҳандислик техника воситаларидан фойдаланган ҳолда офат оқибатлари бартараф этилмоқда.

Туман ҳокими бошчилигида қутқарувчилар ва бошқа хизмат вакиллари селдан жабр кўрган хонадонлар сонини аниқламоқда.

Бир кун аввал Ўзбекистон президенти баҳор бошидан буён мамлакатда 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар кузатилгани, 9 киши ва 450 дан ортиқ чорва нобуд бўлгани, 245 та уй ва 19 та кўприк шикастлангани ҳақида маълум қилганди. Шавкат Мирзиёев кечаю кундуз ишлайдиган штаблар ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича топшириқ берди.