Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси жорий йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалигида суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги апрель ойи охирида маълум қилганидек, март ойида кучли ёғингарчилик туфайли сув омборларида 10,27 млрд куб метр сув тўпланган, бу ўтган йилги сув ҳажмининг 114 фоизини ёки 1,2 млрд куб метрга кўпдир. Амударё ҳавзасида сув таъминоти 2021 йилга нисбатан 110−120 фоиз, Сирдарё ҳавзасида эса ўтган йилги кўрсаткичлар даражасида бўлиши кутилаяпти, деб ҳисобламоқда вазирлик.

Ҳукумат қарорига кўра, апрелдан сентябргача бўлган даврда республика бўйича максимал сув олиш 28,202 млрд куб метрни ташкил этади, бу ўтган йилги лимитнинг тахминан 94,5 фоизига тенг. Сув олишнинг энг катта ҳажми июнь ва июль ойларига мос равишда 5344 ва 6846 млн куб метрдан тўғри келади.

Ўтган йиллардагидек энг катта миқдордаги сув Қорақалпоғистонга — 3856,7 млн куб метр берилди. (2021 йилда 4092 млн куб метр эди), шунингдек, ўтган йили 3093 млн куб метр сув олган Қашқадарёга бу йил 2998 млн куб метр берилган.

Сирдарё (1648 млн м3) ва Тошкент вилоятида (2395 млн м3) лимитлар ўзгармаган, Навоийда эса бироз пасайган — 2021 йилдаги 899 млндан 869 млн куб метргача қисқартирилган.

Қарорда экинларни сувдан тежамкор фойдаланган ҳолда «бир канал — бир тизим» тамойили бўйича жойлаштириш талаби кўрсатилган. Республика ишчи комиссияси ҳар 10 кунда сувдан унумли фойдаланишни текшириб, раҳбарлардан ҳисобот олиб бориши шарт.

Қарорда гидротехника иншоотлари, насослар ва суғориш қудуқларини тиклаш ва қуриш бўйича ҳам 300 млрд сўм маблағ ажратилиши белгилаб қўйилган. Шундан 100 млрд сўми Қишлоқ хўжалиги вазирлигига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан, 200 млрд сўми эса оптималлаштирилган бюджет харажатлари ҳисобидан йўналтирилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонни 2026 йилгача ривожлантириш дастурида банк кредитлари ва тадбиркорларнинг ташаббускор маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистонда пахта майдонларини томчилатиб суғориш технологиялари билан қамраб олишни босқичма-босқич 25 фоизгача ошириш кўзда тутилган.