«IT — аёлларнинг иши эмаслигини кўп айтишган» — Amazon компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Ходжаева

Amazon компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Ходжаева – «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. У АҚШда IT-мутахассиси сифатидаги иш тажрибаси, ғарбча ва ўзбекона турмуш тарзи ўртасидаги фарқ ҳамда Америка меҳнат бозорида иш берувчилар томонидан қадрланадиган ходимларнинг шахсий фазилатлари тўғрисида сўзлаб берди.

«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида чет элда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, хорижда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб бормоқда. Ушбу ҳикояларда ватандан олисдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида ҳикоя қиламиз. Лойиҳанинг янги меҳмони – Шаҳло Ходжаева, Amazon компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси.
Шаҳло Ходжаева 1993 йилда Бухорода туғилган. 2014 йилда Тошкентдаги Вестминстер университетини тамомлаган, 2017 йилда эса Коннектикут университетида магистрлик даражасини олган. 2018 йилдан Global Payments компаниясида маълумотлар таҳлилчиси бўлиб ишлашни бошлаган. Бугунги кунда у Amazon компаниясида бизнес-таҳлил бўйича муҳандис.
— Айтинг-чи, нима учун ва қандай қилиб айнан IT соҳасига ихтисослашишни танлагансиз?
— Бўлғуси касбимни танлаш ҳақида 9-синфдаёқ ўйлаганман. Ўшанда лицей ёки коллежни ҳамда келгусидаги таълим йўналишини танлаш вақти эди. Ота-онам шифокорлик касбини танлашимни хоҳлашган. Асосий аргумент — «қизлар учун яхши касб», лекин бу соҳа мутлақо меники эмаслигига ишончим комил эди. Бундан ташқари, мен математикани чуқурлаштириб ўргатиладиган синфда ўқиганман. Тенгламалар ечиш, формулаларни ҳисоблаш ва рақамлар билан машғул бўлиш менга қизиқроқ туюларди.

Тошкентдаги мактабни тамомлаганимдан сўнг, дунёда кўпроқ FLEX номи билан машҳур бўлган АҚШ элчихонасининг YEO дастури бўйича Америка мактабида бир йил ўқиш учун грант ютиб олдим. Ушбу алмашинув дастури тўлиқ таклиф қилувчи давлат томонидан молиялаштирилади ва ҳар қандай Америка мактабида бир йил давомида ўқиш имконини беради. Америкалик ўқувчиларнинг қоғозга ёзгандан кўра компьютерда тезроқ теришларини эслайман. Ахборот технологияларига бўлган қизиқишим янада ортди.

Америка мактабида информатика ва математик таҳлилни ўргандим. Кейинчалик Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг иккинчи босқичидалигимда ўз танловимни қилдим. Тўртта факультет орасидан иккиланмасдан «Бизнес учун ахборот тизимлари» факультетини танладим. Ҳар доим Нью-Йорк ёки Кремний водийсидаги қайсидир йирик IT компаниясида ишлашни орзу қилганман.

Айни пайтда маълумотлар таҳлили билан шуғулланмоқдаман. Бунинг учун ҳам техник, ҳам статистика ва математика бўйича билимлар зарур. Маълумотлар соҳасидаги олти йиллик фаолиятим давомида уларни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулландим, машинани ўрганишининг (machine learning – тарж.) турли моделларини ишлаб чиқиб, уларни синовдан ўтказдим.
— Америкадаги биринчи ойлигингизни эслайсизми?
— Ўқиш вақтида университетда ярим ставка ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб ишлаганман. «Ахборот тизимларини бошқариш» фанидан бакалавриат талабаларига ёрдам берардим. Соатига 13 доллар олардим ва ҳафтасига 20 соат ишлардим.
— АҚШда қолишингизга нима туртки бўлди?
— Алмашинув дастури бўйича Америкага борганимдан сўнг йиллар ўтиб, турли қисқа муддатли таълим ва касбий дастурлар ғолиби сифатида бир неча бор АҚШга бориб келдим. 2016 йилда магистратурада ўқиш учун АҚШга кўчиб ўтдим. Ўшанда шу ерда қолишга қарор қилдим. Шундан бери Американинг турли шаҳарларида яшаб, ишлаб келяпман. Amazon компаниясига таклиф қилинишимдан аввал Global Payments компаниясида маълумотлар бўйича катта таҳлилчи бўлиб ишлаганман.
— АҚШга кетганингиздан кейин мослашиш даврида сиз учун энг қийини нима бўлди?
— Феъл-атвор одатларимни ўзгартириш. Узоқ вақт қандай қилиб дадил ва қатъиятли бўлиш мумкинлигини билолмаганман. Мен учун катталар, жумладан эркаклар билан ишлашда ўз муносабатларимни ўрнатиш қийин кечган.
— Amazon компаниясига қандай қилиб келиб қолдингиз?
— Шартномани имзолаш жараёни узоқ давом этган. Рекрутер (муносиб мутахассисларни топиш билан шуғулланувчи киши – тарж.) мен билан боғланган пайтдан меҳнат шартномасини имзолаган вақтимгача тахминан икки ой ўтди. Бу ҳар қандай йирик технологик компанияда ишга қабул қилиш учун етарлича стандарт муддатдир. Аввалига рекрутер билан алоқа ўрнатилади. Буни турли усулларда амалга ошириш мумкин. Номзодларнинг ўзлари вакансия учун қизиқиш кўрсатиши ва рекрутерларни топишлари ёки рекрутер ишга ёллаш бўйича платформалар орқали сизга алоқага чиқиши мумкин.

Менинг ҳолатимда LinkedIn-аккаунтим орқали рекрутер мен билан боғланди, ўшанда суҳбатга таклиф олдим. Жараён уч босқичда бўлиб ўтди. Биринчи босқич, бу – рекрутер билан телефон орқали суҳбат. Бу интервьюнинг энг енгил қисми бўлиб, унда компания ва ундаги ролингиз ҳақидаги саволлар муҳокама қилинади.

реклама
реклама
Иккинчи интервью онлайн ўтказилади. Унда сизнинг техник билимларингиз баҳоланади. Суҳбат бир соат давом этди. Менга дастурлаш ва математика бўйича саволлар беришди.

Учинчи босқич — ҳал қилувчи. У тахминан беш соат, баъзида икки кундан ортиқ давом этади. Номзодда жамоа ва ишга ёллаш бўйича менежер билан гаплашиш имконияти бўлади. Суҳбат давомида мен билан Amazon етакчилик тамойилларига асосланган техник ва хулқ-атвор билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. Улар 14 Amazon Leadership Principles деб ҳам аталади.
— Америкалик иш берувчи ўз ходимларида касбий кўникмалардан ташқари яна нимани энг кўп қадрлайди?
— Менимча, техник кўникмалардан ташқари, яхши мулоқот қобилиятига эга бўлиш жуда муҳимдир. Кўпгина компаниялар турли жамоалар ва манфаатдор томонлар билан ишлашни талаб қилади. Шунинг учун одамлар билан қандай гаплашишни билиш, ўз ғояларини етказиб бериш, ишонтириш ва музокаралар олиб бориш қобилиятига эга бўлиш жуда муҳимдир.

Жуда катта билим ва тажрибага эга бўлган юқори малакали ходим ишдан бўшатилганида жуда ҳайратга тушгандим. Компаниямдаги коучлардан бирининг шундай деганини эслайман:
«Яхши бўлишнинг ўзи етарли эмас, биргаликда ишлаётган одамларга меҳрибон бўлишингиз ҳам керак, бу эса уларга ёрдам беришга тайёр туришингиз керак дегани. Бунинг учун баъзан танқидий руҳда бўлишингизга ҳам тўғри келади. Бундай ҳолларда ходимнинг ўсишига ёрдам бериш учун совуқроқ ва қаттиқроқ суҳбат ўтказиш керак – ва бу шунчаки яхши ва мулойим бўлишнинг тескариси бўлади».
— Америкада беш йилдан зиёд вақтдан бери яшаяпсиз. Америка ва ўзбек турмуш тарзи ўртасидаги асосий фарқлар нимадалигини айта оласизми?
— Ўйлайманки, ҳамма жойнинг ўз афзалликлари бор. Ўзбекистонда азалдан ҳақиқатдан ҳам жипс жамият шаклланган. Биз оила ва қўшниларимизга жуда боғланганмиз. Ҳукумат яратадиган чекланган имкониятларда жамият бизга яхши шароитлар яратиб беради. Масалан, кўпчилик қарияпман, пенсия учун жамғаришим керак, деб қайғурмайди, тўй ёки уй қурилиши учун кредит олишдан чўчимайди, чунки ҳар доим жамият томонидан дастакланади.

Америкада эса ҳаёт мустақилроқ. Одатда болалар 18 ёшга етмай уйларини тарк этиб, катта ҳаётга қадам ташлайди. Уйдан ажралиш уларни молиявий жиҳатдан мустақил бўлишга, мустақил фикрлашга, ўзини ўзи таъминлашга ва шахсий макон ҳақидаги тасаввурларга эга бўлишга мажбур қилади. Бундан ташқари, Америка жамияти феминизм ва аёллар ҳуқуқлари нуқтаи назаридан анча илғор.

Аммо Америка жамиятида мени ҳайратга соладиган нарса, бу – бошқа одамларнинг вақтига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишлари. Бу ердаги одамлар жуда пунктуал ва меҳнаткаш.
— Америкага кетишингизни оилангиз қандай қабул қилди?
— Ҳар қандай ўзбек оиласида бўлгани каби, аввалига улар ҳам ғоямга ҳаяжон ва хавотир билан муносабатда бўлишди, лекин охири мени қўллаб-қувватлашди. Ўйлаймаки, қиз боланинг номаълум муддатга ёлғиз кетаётганида ташвишланиш – одатий ҳол. Оилам таълим олишга интилаётганимни кўрди, шунинг учун улар кетишимга қарши эмас эдилар. Вақти-вақти билан Америкага олдимга келиб туришади.
— Ўзбекистон ҳукумати муваффақият қозонган ватандошларни вазир ўринбосарлари, маслаҳатчи лавозимларига таклиф этмоқда. Масалан, молия вазири ўринбосарлари Омонулло Насритдинхўжаев ва Одилбек Исаков. Сизнингча, улар иш жараёнларига тизимли таъсир кўрсатишга қодирми?
— Менинг назаримда, ҳа. Бу одамлар иш жараёнларига янги истиқболларни олиб киришга қодир. Ўтган йиллар давомида юртимизнинг ватандошларни Ўзбекистонга қандай муваффақиятли қайтарганини кўрдим. Энг катта муаммо, бу – истеъдодларни мамлакат ичида сақлаб қолишдир.
— Америка орзуси сиз учун нимани англатади? Сизнингча, у маҳаллий америкалик ва иммигрант учун бир хилми?
— «Америка орзуси» атамаси 1930-йилларда ўйлаб топилган. Ўшанда бу тузук уй-жой, барқарор иш, икки-уч фарзанд ва пенсия режасига эга бўлишни англатарди. Шубҳасиз, бу таъриф вақт ўтиши билан ўзгарди. Америкадаги ижтимоий тенгсизлик ҳозир дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Америка орзуси иммигрантларни қўйиб туринг, ҳатто Америка жамияти ичидаги одамлар учун ҳам турли хил маъноларга эга.

Мигрантлар камроқ жиноятлар содир этиб, кўпроқ ишлашади. Эҳтимол, Америка жамиятида бўлсангиз, шахсан ўзингиз улкан таҳқирлашларга дуч келмаслигингиз мумкин. Бироқ ижтимоий нотенглик, даромадлар ўртасидаги улкан фарқлар америкаликларнинг ўзлари учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Уларнинг бир қисми яхши шароитлар ичида туғиладилар, бу пайтда бошқалар ўзи учун қулай шароитларни катта ёшга етгандагина ярата олади. Ушбу одамларнинг катта қисми ҳеч қачон иш ва ҳаёт шароитларини яхшилай олмайдилар.
— Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасидаги касблар ҳали ҳам қизлар орасида унчалик машҳур эмас. Бизнинг жамиятимизда касб танлашнинг олдиндан белгиланган қонуниятлари мавжуд. Кўпинча қизлар учун бу ҳамширалик, ўқитувчилик, тикувчиликдан иборат. Қандай қилиб бу стереотипларни бузиш ва қизларга ким бўлишлари кераклигини ўзлари ҳал қилишларига имкон бериш мумкин?
— Бу муаммо нафақат IТ-сектори, балки бошқа кўплаб соҳалар – сиёсат, ҳуқуқшунослик, бизнес учун ҳам хосдир. Аёллар ушбу касбларда банд бўлганларнинг жуда кичик қисмини ташкил этади.

Ўйлайманки, бизга IТ-мутахассислиги тўлақонли аёллар касби ҳам эканини кўрсата оладиган кучли аёл қаҳрамон ва ўрнак бўла оладиганлар керак. Қизлар учун уларни технология соҳасида ўқишга ва янада ривожлантиришга руҳлантирадиган мактаб ва университет дастурлари ҳамда грантлар ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга.
реклама
реклама
Ҳукумат бу стереотипларни албатта буза олади. Давлат ташаббус кўрсатиши, мактаб даражасида баъзи курсларни мажбурий деб эълон қилиши мумкин. Бироқ дунёқарашнинг шаклланишида оила ва жамиятнинг ҳам таъсири катта. Айниқса, Ўзбекистонда шахснинг шаклланишида оила асосий ўрин тутади.

Ўқиш пайтида IT – аёллар учун эмаслигини кўп марта эшитишимга тўғри келган. Бизда аёллар оила боқувчиси бўлмаслиги, яъни хотин-қизлар узоқ вақт ўқиб, ўз билимига сармоя киритиши, оғир касбларни танлаши шарт эмас, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун «аёллар танлайдиган» касблар мутахассислари кўпинча ўз оиласига ёки эрининг оиласига хизмат қиладиган касбларни танлайдилар. Касб танлашга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб ёндашиш тўғри ва оқилона йўл, деб ҳисоблайман. Дарҳақиқат, ахборот технологиялари жуда қизиқарли ва ҳаяжонли. Бундан ташқари, яхши ойликлар тўлашади.

Мен нохолис бўлишим мумкин, лекин шуни айтаманки, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари жуда тор муҳокама қилинадиган мавзу. Бу, сўзсиз, батафсилроқ муҳокама қилиш ва аёлларнинг ривожланиши учун яратилган имкониятларни ўзгартиришга лойиқ мавзудир. Аёллар ўзларини иқтисодий ва сиёсий фаолиятнинг ажралмас қисми сифатида кўриш учун кўпроқ ваколатларга эга бўлишлари керак.

Бир муддат олдин «Фактуаллик» номли китобни ўқиган эдим ва унда айтилишича, қизларни ўқитиш дунёдаги энг яхши ғоя бўлиб чиққан. Ишчи кучи диверсификация қилинмоқда. Ўқимишли оналар камроқ фарзанд кўришга қарор қилишади, ҳар бир боланинг таълимига кўпроқ куч ва вақт сарфланади. Бу ўзгаришнинг самарали циклидир.

Бу каби масалалар муҳокамасини ривожлантиришнинг яна бир муҳим жиҳати, бу – ОАВ эркинлигидир. Мамлакатимизда ОАВнинг очиқлиги жуда хилма-хилдир. Қанчадан-қанча блоггерлар ва мустақил интернет нашрлари нозик мавзуларда гапираётганини кўраман, лекин давлат оммавий ахборот воситалари ҳамон нохолис бўлиб, воқеаларни бирёқлама ёритишда давом этмоқда.
— Грин карта ютиб олиб, бу йил Америкага учиб кетмоқчи бўлган, лекин кўчиш бўйича аниқ режалари йўқ ўзбекистонликларга нима маслаҳат берган бўлардингиз?
– Биринчи қадам – Америка жамиятига мослашишга ёрдам берадиган одамни топишдир, оила аъзолари, дўстлар ёки узоқ қариндошлардан бўлиши мумкин. Америка ҳаётида жуда нозик фарқлар бор ва кимдир ёрдам берса, мослашиш жараёни анча енгиллашади.

Америка – қизиқарли мамлакат, ҳар ким умумий манфаатларга эга бўлган ўз ҳамжамиятини топиши мумкин. Дўстлар даврасига эга бўлиш муҳим, лекин қулайлик зонасидан чиқиб кетиш ҳам муҳим. Мен инглиз тилини ўрганишни, Америкадан ҳам, дунёнинг бошқа давлатларидан ҳам дўстлар орттиришни, турли ошхоналар овқатларини татиб кўришни ва Американинг турли штатларига саёҳат қилишни маслаҳат бераман. Ушбу интеграция жуда муҳим ва агар одамлар ҳақиқатан ҳам штатларда илдиз отишни хоҳласалар, кейинчалик ҳаётни осонлаштиради. Қулайлик зонасидан чиқсангиз, илгари очиқ бўлмаган дунёни танишингиз ва кўришингиз мумкин. Бундан ташқари, кўзингиздан ўт чақнаб туриши ва ҳар қандай ажойиб саргузаштларга тайёр бўлиш муҳимдир.
Блиц
— Эрта туришга қийналасизми?

— Ҳа, мен тунги бойўғлиман.

— Нимадандир афсусланасизми?

— Авваллари ҳозиргидан кўпроқ афсусланардим. Йиллар ўтиши билан ё вазиятни ўзгартириб бўлмаслигини қабул қиласан, ёки армонларсиз яшаш учун вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қиласан.

— Нима сизни тушкунликка туширарди?

— Зерикиш, мақсадсизлик.

— 10 йил орқага қайтиш имкони бўлганда, қайси хатони тўғрилаган бўлардингиз?

— Эҳтимол, кўпроқ саёҳат қилган ёки ўзимга кўпроқ ишонган бўлардим.

— Беш йилдан кейин ўзингизни қаерда кўрасиз?

— Умид қиламанки, ўзимдан ва ўз ҳаётимдан мамнун ҳолда кўраман.

— Олтин балиқ тутиб олганингизда, Ўзбекистон учун нима сўраган бўлардингиз?

— Табиатимизни асрашни, Оролни қайтаришни, аввалги табиий боғ ва қўриқхоналаримизни қайтаришни.
Матнни Саодат Умарова тайёрлади.
Фотосуратлар Шаҳло Хўжаеванинг шахсий архивидан.

Матнга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» таҳририятига тегишли.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг