Май ойининг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида темир йўл қатнови тикланади, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.

«Қазақстан темир жолы» компанияси билан келишилган ҳолда 15 майдан бошлаб № 647 (648) «Нукус — Бейнеу — Нукус» поезди, 16 майдан №1 (2) поезди «Олмаота — Тошкент — Олмаота» («Тулпар-Тальго» тезюрар поезди) йўналишида ҳаракатлана бошлайди. Рейслар «Тошкент-Марказий» вокзалидан ҳафтасига уч марта амалга оширилади.

Чипталарни электрон тарзда ҳамда темир йўл кассаларида сотиб олиш мумкин. Йўловчилар электрон чипталарни сотиб олаётганда Қозоғистон чегарасидан ўтиш учун уни А4 форматида чоп этиб олиши лозим.

Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилмоқда.

«Олмаота — Тошкент — Олмаота» поезди 2 майдан, «Нукус — Бейнеу — Нукус» поезди эса 1 апрелдан йўлга қўйилиши режалаштирилган эди, бироқ Қозоғистон карантин чекловлари туфайли бу саналарни кейинга сурди.

2020 йил март ойида коронавирус пандемияси сабабли халқаро йўловчи поездларининг ҳаракати тўхтатилганди.

11 апрелдан бошлаб Қозоғистон Ўзбекистон билан қуруқликдаги ўтказиш пунктларида чегарани кесиб ўтиш чекловларини бекор қилди. Манфий ПЗР тести ёки ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиш талаби сақланиб қолмоқда. Ҳужжатни «COVID-19сиз саёҳат» мобиль иловаси ёрдамида ҳам тақдим этиш мумкин.