26 апрель куни қабул қилинган ҳукумат фармойишига [199-Ф] кўра 30 апрель куни республикада умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ҳашар Маҳалла ободлиги — юрт фаровонлиги" шиори остида бўлиб ўтади. Ундан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кенг жамоатчилик ушбу тадбирлар ташаббускори бўлди.

Маълум қилинишича, фармойишга кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи, М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган миқдорда кўчат ҳамда қаламчалар олиш истагини билдирган ҳудудлардаги барча хўжалик ташкилотларига шартнома асосида қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказилади.

Ҳашар шанба кунига тўғри келади. Маълумот учун, республикада ҳафта давомида илиқ об-ҳаво сақланиб қолади.