Ахборотлаштириш телекоммуникациялар соҳаси бўйича давлат инспекцияси фонограммалар ва аудиовизуал асарлар тарқатишда муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ҳимоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган «Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори шарҳида айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, Интернетда муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича «Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилишлар реестри» ишга туширилади.

«Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилишлар реестри» Ахборотлаштириш телекоммуникациялар соҳаси бўйича давлат инспекцияси томонидан юритиб борилади. Ушбу реестрга маълумотларни киритиш эса Адлия вазирлигининг тегишли хулосаси асосида амалга оширилади.

Реестрга муаллифлик ва турдош ҳуқуқ соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари тизимли равишда содир этилган ва белгиланган тартибда исботланган веб-сайтлар киритилиши назарда тутилмоқда. Ушбу реестрга киритилган веб-сайтларнинг фаолияти уларда содир этилган қонунбузилиш ҳолати тўлиқ бартараф этилмагунга қадар чекланади.

«Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилишлар реестри»га тизимли равишда муаллифлик ва турдош ҳуқуқ соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари содир этган веб-сайтлар киритилади.

Шунингдек, қарор билан 2022−2026 йилларда Ўзбекистан Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Стратегиянинг 7та устувор йўналиши бўйича 38та тадбирни ўз ичига олган 2022−2023 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси», 2022−2026 йилларда Ўзбекистан Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгилаб олинди.

Ҳужжат билан божхона органлари томонидан контрафакт маҳсулотларнинг ушлаб қолиниши чоралари кучайтирилмоқда. Унга кўра:

  • давлат божхона чегараси орқали интелектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади;
  • мулк эгалари контрафакт товарларнинг киришини олдини олиш бўйича божхона органларига ариза билан мурожаат қилганида, 7 турдаги маълумотларни тақдим қилиш мажбурияти бекор қилинади;
  • божхона органлари товарларни расмийлаштириш жараёнида интелектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар бузилгани аломати аниқланганда, бу ҳақда ҳуқуқ эгаларини божхона органларининг ўзи бир иш куни давомида электрон равишда хабардор қилади.

Шунингдек, интелектуал мулк объектлари савдоси учун «Интелектуал мулк — барча учун» махсус интернет-аукцион савдо платформаси ишга туширилади.

Мазкур платформадан фойдаланган ҳолда бевосита ҳуқуқ эгалари ўзларининг объектларини жойлаштириб, уларнинг бошланғич нархини кўрсатган ҳолда бошқа шахсларга сотиши ёки лицензия шартномаси асосида бошқа шахсларга фойдаланишга бериш имкониятлари яратилади.

Қарор билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг тегишли органлари томонидан дори воситалари, тиббий буюм, тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳномаларни бериш жараёнида ўтказиладиган экспертиза мобайнида бевоста интелектуал мулк ҳуқуларига риоя этилганини текшириш тартиби жорий қилинади. Худди шундай тартиб маҳсулотларни сертификатлаш фаолиятини амалга оширувчи органлар учун ҳам йўлга қўйилади.