14 март куни Россия бош вазири Михаил Мишустин шакар ва дон экспортини вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, қарор «ички озиқ-овқат бозорини ташқи чекловлар шароитида ҳимоя қилиш» учун қабул қилинган.

Унга кўра, оқ шакар ва шакарқамишни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш тақиқланади. Ушбу чора 15 мартдан 31 августгача амал қилади. Буғдой, жавдар, арпа ва маккажўхорини Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига олиб чиқиш тақиқланади. Чеклов 15 мартдан жорий қилинган ва 30 июнгача амал қилади.

Шакар ва дон маҳсулотларини экспорт қилишда истисно ҳолатлар мавжуд. Ушбу турдаги маҳсулотларни Россиядан ташқарига етказиб бериш, шу жумладан гуманитар ёрдам кўрсатиш учун, шунингдек, халқаро транзит ташиш доирасида давом этиши мумкин.

Маълумот учун, Россия 2020−2021 қишлоқ хўжалиги йилида (2020 йил 1 июль — 2021 йил 30 июнь) 49 млн тонна дон экспорт қилган, шу жумладан буғдой экспорти 38,4 млн тоннани ташкил этди. Январь ойи ўрталарида Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2021−2022 қишлоқ хўжалиги йилида Россия дон экспортини 45−48 млн тонна миқдорида бўлишини прогноз қилганди.

Ўтган ҳафта CNN Украина ҳукуматига таяниб, мамлакат асосий экинлар — буғдой, маккажўхори, дон, гречка, шунингдек, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — шакар, туз ва гўшт экспортини вақтинча тўхтатганини хабар қилди. Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Роман Лешченконинг таъкидлашича, бу чоралар «аҳолининг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш» учун қилинган.

Spot нашрининг қайд этишича, Украина ва Россия жаҳон буғдой экспортининг 30% ва жаҳон маккажўхори таъминотининг 20% ни ташкил қилади.

Ўзбекистонда шакар импорти

2017 йилнинг кузидан бошлаб Ўзбекистоннинг «Хоразм Шакар» ва «Ангрен Шакар» шакар заводлари сўмнинг қадрсизланишидан сўнг ўз фаолиятини амалда тўхтатиб қўйди, бу эса хориждан импортнинг кескин ошишига олиб келди (2016−2018 йилларда импорт ҳажми 1 млрд долларгача ошди). Шакар ва шакар маҳсулотлари учун импорт божлари ва акциз солиғи ставкалари нолга қайтарилди. Бунга қадар 2000 йилларнинг бошидан бери 30 фоизлик ставка сақланиб қолган эди. 2019 йилда заводлар яна ишлай бошлади.

2020 йил 1 январдан импорт қилинадиган шакардан 20 фоизлик акциз солиғи ундириш бошланди, бироқ апрель ойида коронавирус пандемияси сабабли ҳукумат 20 турдаги товарлар, жумладан шакар учун бож ва акциз солиғини бекор қилинди

2020 йилнинг ёзида шакар заводлари хомашё етишмаслиги сабабли яна ишлаб чиқаришни тўхтатди. «Газета.uz»нинг «Ангрен Шакар»даги манбаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт қилувчилар билан рақобат сабабли қийинчиликларга дуч келишаётгани, маҳаллий корхоналар эса акциз солиғини тўлашни давом эттираётганини маълум қилганди.

Бундан ташқари, 1 январдан бошлаб маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали барча тоифадаги харидорлар учун биржа савдоларида тенг ҳуқуқли ҳолда сотила бошланди. Сотиладиган умумий маҳсулот ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажмлар бундан мустасно. Бу эса тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ўз чакана савдо тармоқлари орқали бориш қийин ва чекка ҳудудларда жойлашган истеъмолчиларга мўлжалланган.

2021 йилдан шакар импортига яна 20 фоизлик акциз солиғи ўрнатилди, бундан ташқари, 20 фоиз божхона тўлови ҳам қайтарилди.

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон шакарнинг катта қисмини (81,3 фоизи) Украинадан — 32,7 млн долларга 66,7 минг тонна импорт қилди. 2020 йилнинг шу даврида Россия асосий етказиб берувчига айланди (84,4%). Бу давлатдан 99,8 млн долларга 245,9 минг тонна шакар импорт қилинди.

Давлат статистика қўмитасининг «Газета.uz»га маълум қилинишича, 2021 йилда Ўзбекистон 13,4 млн долларга 23,9 минг тонна оқ шакар импорт қилган: Россиядан — 2,93 млн долларга 5,32 минг тонна, Жазоирдан — 4,05 минг тонна (2,48 млн доллар), Озарбайжон — 4,61 минг тонна (2,37 млн доллар), Польша — 3,67 минг тонна (2,23 млн доллар), Украина — 3,38 минг тонна (1,79 млн доллар), Қозоғистондан — 1,5 минг тонна (820 минг доллар).

Бу ҳажмлар маҳаллий шакар ишлаб чиқариш билан солиштирганда аҳамиятсиз. Хусусан, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон шакар заводларида 438,3 минг тонна шакар ишлаб чиқарилди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар ёки 293,8 минг тоннага кўпдир. Ишлаб чиқариш учун шакар хом ашёси Бразилиядан олиб келинади. 2021 йилда ушбу мамлакатдан 319,7 млн долларга (ўсиш 7,5 баробар) 619,7 минг тонна шакар хомашёси импорт қилинган.

Нархларга товарлар логистикаси билан боғлиқ муаммолар ва юкларни суғурталаш харажатларининг ошиши кўпроқ таъсир қилиши мумкин.

Аввалроқ, «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев 2021 йилда Россияда шакар нархи йил давомида бор-йўғи 4 фоизга қимматлашгани ҳақида ёзган эди.

Дон маҳсулотлари экспортини тақиқлаш билан боғлиқ вазият Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Дон маҳсулотларига келсак, Ўзбекистон ушбу маҳсулот ҳажмининг катта қисмини (тахминан 90%) Қозоғистондан импорт қилади. 2020 йилда Ўзбекистон томони Қозоғистондан 666,1 млн долларга дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (ун ва бошқа дон маҳсулотлари) сотиб олган бўлса, 2021 йилда дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн долларни (умумий импортнинг 97,9 фоизи), ун эса 92,9 млн долларни ташкил қилди (97,2%).

Қозоғистон унини етказиб бериш ҳажми 372,9 минг тонна (+9%), маҳаллий ишлаб чиқариш эса 1,8 млн тонна (-6,8%) деб баҳоланмоқда.

Россиянинг дон етказиб бериши ҳам аҳамият касб этмайди. Агар 2020 йилда Ўзбекистон 7,8 млн долларга 25,6 минг тонна буғдой ва меслина импорт қилган бўлса, 2021 йилда импорт 3,5 млн долларга 7,79 минг тоннани ташкил этди.

Россия фақат ЕОИИ мамлакатларига дон экспортини тақиқлаганига қарамай, бу чеклов билвосита Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Қурғоқчилик туфайли Қозоғистонда ғалла ҳосили одатдагидан чорак баравар кам бўлди: 2021 йилда фермерлар ҳосилдор йилдагидек 20−22 млн тонна эмас, 2021 йилда 16 миллион тонна ғалла (шу жумладан, 12 млн тонна буғдой) йиғиб олди, деб ёзди Eldala.kz.

Бунинг натижасида 2021 йилнинг кузида Қозоғистондан буғдой экспортини бож ёки квоталар орқали чеклаш таклифи чиққан эди. Аммо охир-оқибат, мамлакатнинг ички бозори жуда яхши ҳосил олинган Россиядан ғалла оқими билан қўллаб-қувватланди. Россиянинг чегарадош ҳудудлари учун Қозоғистонга дон сотиш фойдалироқ бўлиб чиқди, чунки ЕОИИ доирасида товар етказиб беришда экспорт божлари олинмайди. Россияда 2021 йил июлида божлар 1 тонна учун 97,5 долларни ташкил қилган.

Нашр маълумотларига кўра, 2021 йилнинг сўнгги тўрт ойида Қозоғистонга Россиядан 1,6 млн тоннадан ортиқ дон, жумладан, 1,3 млн тонна буғдой етказиб берилган. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, Россия буғдойи Қозоғистонга келишда давом этади ва 2022 йилнинг саккиз ойида бу ҳажм яна 1,4 млн тоннани ташкил қилади.

Қозоғистон деҳқонлари уюшмаси раиси Виктор Аслановнинг айтишича, Россияда дон экинларини экспорт қилишнинг вақтинчалик тақиқланиши Қозоғистон агробизнесига ижобий таъсир кўрсатади.

«Чунки эркин савдо бу бир, лекин бизда бунданда эркин савдолар мавжуд. Мен Россиядан Қозоғистонга буғдой контрабандасини назарда тутяпман. Чунки тўртинчи йилдирки, шу тарзда олиб келинган буғдой донимиз нархини пасайтирмоқда. Рақобат қила олишлари учун қозоқ фермерлари ўз товарлари нархини пасайтиришлари керак бўляпти. Маълум бўлишича, бизда мана учинчи-тўртинчи йилдирки, ички бозорда нархни бозор эмас, балки жиноят фактори шакллантирмоқда. Энди эса тақиқ эълон қилинганида, агар у тўлиқ қувватда ишласа, унда бизнинг нархларимиз нормаллашади. Нархлар ўсади, лекин бу ўсиш спекулятив бўлмайди. Биз шунчаки сўнгги уч йил давомида йўқотиб келаётган позицияларимизни қайтарамиз», — деди у.

Қозоғистонда дон экспортидаги чекловлар ва жаҳон ғалла нархининг ошиши фонида ушбу маҳсулот ва ун нархи ошиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон учун импорт нархларининг ошишига олиб келиши мумкин.