2020 йилнинг июль-октябрь ойларида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзулардан бири — бу маҳаллий шакар заводларимиз ўз ишчиларини оммавий равишда ишдан бўшатаётганлиги бўлган эди. Ўша вақтларда мазкур заводлар чет эл ишлаб чиқарувчилари билан рақобатда ютқазаётганлигини таъкидлаган эди.

Хўш, 2021 йилда маҳаллий шакар заводлари билан боғлиқ қандайдир янгиликка кўзингиз тушдими? Сўнгги икки йилда шакар заводларимиз билан нималар содир бўлди?

Ҳаммаси 2020 йилнинг апрель ойида, пандемиянинг салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида айрим турдаги товарлар импортининг акциз солиғи ҳамда божлардан озод қилиниши билан бошланган эди. Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан кучга кирган шакар импортига 20% лик бож ҳамда 20% лик акциз солиғи худди шу йилнинг 3 апрелидаги қарорга мувофиқ, 2020 йил 31 декабрига қадар бекор қилинганди.

Шакар импортига мавжуд тўсиқларнинг олиб ташланиши, табиийки, ички бозорда импорт қилинган шакарнинг нархи арзонлашишига ва, ўз навбатида, рақобатбардошлиги ошишига олиб келди. Ички бозорда рақобатнинг кескин ортиши эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатда ютқазиши, пировардида, ишлаб чиқаришни қисқартириши ёки тўхтатиши натижасида ишчиларини ишдан бўшатиши ва кейинроқ вақтинчалик ёпилишига ҳам сабаб бўлди.

2021 йилга келиб, импорт қилинадиган шакарни эркин олиб кириш ҳуқуқи ўз кучини йўқотди (қарорда «имтиёз» дейилган, лекин импортга бож бўлмаслиги — бу, аслида, имтиёз эмас, ҳуқуқ ҳисобланади) ҳамда шакар импортига тўсиқлар қайта жорий қилинди. Бунинг натижасида иккала шакар заводимиз ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширди. Хусусан, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида маҳаллий шакар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баробарга ошиб, 438 минг тоннага етган.

Ишлаб чиқариш ҳажмига мос равишда, Бразилиядан шакар хомашёси импорти ҳажми ҳам кескин ошган. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистонга Бразилиядан қиймати 319 млн долларга тенг бўлган (2020 йилга нисбатан етти ярим баробар кўпроқ) шакар хомашёси импорт қилинган. Бразилиядан импорт қилинган хомашёнинг 2021 йилда Ўзбекистонга кириб келган жами шакар ва шакар хомашёси импортидаги улуши 90% дан зиёдни ташкил этган.

Юқоридаги маълумотлардан англаш қийин эмаски, 2020 ва 2021 йилларда мамлакат шакар бозоридаги ҳолат турлича бўлган. Масалан, 2020 йилда импортга тўсиқлар умуман бўлмаган ҳолда, ички истеъмолнинг катта қисми импорт қилинган шакар ҳисобига қопланган бўлса, 2021 йилда ички истеъмолниннг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қондирилган.

Хўш, бир-биридан кескин фарқ қиладиган бу икки йил давомида ички бозорда шакар нархи қандай ўзгарди?

2020 йилда шакар нархининг йиллик ўсиши 21% ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 25,4% ни ташкил этган. Бир қарашда хулоса қилиш мумкинки, истеъмолнинг асосий қисми маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан қондирилган йилда шакарнинг нархи унинг импортига тўсиқлар бекор қилинган йилдагига нисбатан бироз тезроқ ўсган.

Лекин фақатгина ички бозордаги нарх ўзгаришининг ўзидан хулоса чиқариб бўлмайди. Чунки импорт қилинаётган шакар (ёки шакар хомашёси) нархининг минтақа ёки жаҳон бозоридаги ўзгариши ҳам ички бозордаги нарх ўзгаришига таъсир қилиши мумкин. Агар ички истеъмолда импорт қилинадиган шакар каттароқ улушга эга бўлса, унда минтақа ёки мамлакатимизга шакар экспорт қиладиган давлатдаги нарх ўзгаришининг ички бозоримизга таъсири кучли бўлади.

Масалан, мамлакатимиз тайёр шакарни асосан Россиядан импорт қилади. Бундан келиб чиқадики, Россиядаги нарх ўзгаришига қараб импорт шакарнинг ички бозорга таъсирини аниқлаш мумкин. Хусусан, 2020 йилда Россияда шакар нархи 64,5% га қимматлашган ҳамда истеъмол товарлари орасида энг юқори нарх ўсиши айнан шакар маҳсулотида қайд этилган. Бундай кескин нарх ўзгариши бизнинг ички бозорга нисбатан енгил таъсир қилганлигига сабаб — рублнинг долларга нисбатан сезиларли даражада қадрсизланганлиги бўлган (албатта, бу ягона омил эмас).

2021 йилда эса Россияда шакар нархи йил давомида бор-йўғи 4% га қимматлашган холос. Тўғри, 2021 йилнинг биринчи ярмида Россияда шакар нархи давлат томонидан назорат қилинган. Лекин шакар нархини назорат қилиш тўхтатилгандан кейин ҳам бу товар нархида кескин ўсишлар кузатилмаган. Яъни ички бозорда таклиф ҳақиқатдан ҳам 2020 йилга нисбатан яхши шаклланган. Бошқа томондан, Россия ҳукумати ички бозорда шакар нархини назорат қилиши шакар импорт қиладиган давлатлар учун нафли бўлиши мумкин. Чунки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Россия ички бозорида назорат қилинаётган шакарни арзон нархда сотишдан кўра қўшни давлатларда сотишни афзал кўришади, бу эса шакар импорт қилаётган давлатларнинг импорт ҳажми ошиб, ички бозорида нархлари барқарорлашиши ҳамда нарх ўсишининг секинлашишига сабаб бўлади.

Худди шунга ўхшаш тенденция 2021 йилда Россия ҳамда Қозоғистон ўртасида бўлган. Агар нархлар Россияда назорат қилинмаганда, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўз ички бозорларида кўпроқ сотишига рағбатни оширарди ҳамда экспортнинг камайишига ҳам сабаб бўлиши мумкин эди. Юқорида айтганимдек, экспортга тўсиқлар қўйилмаган шароитда ички бозорда қайсидир товар нархини назорат қилиш ўша товарни импорт қиладиган мамлакатларга кўпроқ наф келтиради.

Соддароқ тушунтирилганида, 2020 йилда шакар нархи Россияда биздан каррасига тезроқ ўсган. Ўзбекистонга тайёр шакар импортининг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келиши ҳисобга олинса, у ердаги нарх ўсиши бизнинг бозорда ҳам ўз аксини кўрсатмасдан қолмаганлиги аниқ. 2021 йилда эса маҳаллий заводларимиз ишлаб чиқариш фаолиятини қайта тиклагани ҳолда, шакар нархининг инфляциядан кўра икки ярим марта тезроқ ўсаётганлигини кўрмоқдамиз.

Бизга шакар экспорт қиладиган Россияда эса нархлар реал кўрсаткичларда (яъни, инфляцияни айириб ташлаганда) ҳатто пасайган. Шуниси эътиборлики, асосий истеъмол импорт ҳисобига қондирилган даврда, ҳатто экспортёр мамлакатлардаги шакарнинг юқори нархлари босими остида ҳам Ўзбекистон бозорида шакар нархи нисбатан секин ўсган. Асосий таъминот маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зиммасига тушган йилда эса нархлар кескин кўтарилган.

Ёки бошқа бир мисол. 2020 йилда Қозоғистонда шакар нархи йил давомида қарийб 34% га ошган ва шакар истеъмол товарлари орасида энг юқори нарх ўсиши кузатилган товар бўлган. 2021 йилда эса шакар инфляцияси 15,3% ни ташкил этган. Таққослаш учун, Ўзбекистонда шакарнинг нархи 2021 йилда 25,4% га ошган эди. Тўғри, Қозоғистондан жуда катта миқдорда шакар импорт қилмаймиз. Лекин Қозоғистондаги нарх ўзгаришининг Ўзбекистондаги нарх ўзгаришига таъсири бўлади — албатта чегаралар очиқ бўлган шароитда (афсуски 2021 йилда чегараларимиз ёпиқ эди). Хусусан, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатга Қозоғистондан 1,5 минг тонна шакар импорт қилинган. Таққослаш учун, худди шу даврда Россиядан Ўзбекистонга 5,3 минг тонна шакар импорт қилинган.

Қайд этиш жоизки, 2020 йилда шакар импорти учун тўсиқлар олиб ташланган вақтда кўпчилик «импортёрлар бозорни эгаллаб олгунча нархни арзон ушлаб туриб, кейинроқ нархни кўтаради» деган фикрни илгари сурган эди. Бундан ташқари, «импорт божлари олиб ташланганлигига қарамай шакар нархи тушмайди» ёки «нарх ўсиши секинлашмайди» каби фикрлар ҳам кўп янграган эди. Агар 2020 ҳамда 2021 йилдаги нарх ўзгаришларини таққослаб кўрсак, бундай хавотирлар қайсидир маънода ҳақиқатдек бўлиб кўринади. Чунки қисқа муддатда чегаралар очилишининг таъсири истеъмолчиларга деярли сезилмади.

Тўғри, 2020 йилда нарх ўзгариши 2021 йилга нисбатан пастроқ бўлди. Қайсидир маънода, бу истеъмолчилар учун эркин савдо яхшироқ эканлигини исботлаш учун, аслида, етарли, лекин оддий истеъмолчи 2021 йилда шакар нархи 2020 йилга нисбатан тезроқ ўсганлигини ҳатто сезмаслиги ҳам мумкин.

Нарх ўзгаришининг фақат Ўзбекистондаги эмас, балки умумий минтақа ёки бизга шакар экспорт қиладиган давлатлардаги тенденцияларини кузатсак, шунга амин бўламизки, 2020 йилда нарх ўсишининг секинлашмаганлиги ёки пасаймаганлигидан «импортнинг эркинлашуви — бу самарасиз қарор» деган хулосага келиш аслида хато. Чунки 2020 йилда шакар нархиниг кескин ўсиши — бошқа давлатларда ҳам кузатилган тенденция ҳисобланади. Агар 2020 йилда шакар импортига тўсиқлар сақланиб қолганида, кузатилганидан кўра анча юқори нарх ўсишига гувоҳ бўлишимиз мумкин эди. 2021 йилдаги шакар нархининг ўзгариши эса нисбатан маҳаллий ишлаб чиқариш билан боғлиқ тенденция ҳисобланади. Чунки Ўзбекистонга шакар экспорт қилувчи давлатларда нарх ўзгариши ички бозор билан таққослаганда анча паст бўлган, хусусан, Россияда шакарнинг реал нархи ҳатто пасайган.

2021 йилда истеъмолчиларнинг қимматроқ шакар истеъмол қилаётганлиги — бу, тўлалигача, қарор қабул қилувчиларнинг қарорлари натижаси. Яъни қарор қабул қилувчилар қайсидир сабабларга кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини яна қўллаб-қувватлашга қарор қилишган ва бунинг натижасида импорт шакар учун божсиз ҳамда акциз солиғисиз режимни давом эттириш лозим кўрилмаган. Тўғри, бу қарорлар маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишига олиб келди. Натижада мазкур заводларда минглаб ишчилар иш билан таъминланди. Аммо, бошқа томондан, бутун бошли истеъмолчилар, қўшни давлатларда шакар нархи биздагига нисбатан анча секин ўсганлигига қарамай, шакарни қимматроқ нархда сотиб олишга мажбур бўлишди.

Хўш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолият юритиши фаровонлик учун қай даражада зарарли?

Ўтган йили шакар заводлари ўз ишчиларини ёппасига ишдан бўшатаётгани масаласи кўпчилик томонидан фожеа сифатида олиб чиқилган эди. Ҳатто истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам кўплаб ишчиларнинг иш ўрнини йўқотиши ва заводларнинг ёпилишини ёмон хабар сифатида қабул қилгандилар.

Лекин аслида ҳам шундайми? Келинг, баъзи тахминий ҳисоб-китобларни амалга ошириб кўрамиз. Албатта, мисол асосан рақамлар ва ҳисоб-китобдан иборат. Бироқ мен мисолни техник жиҳатдан эмас, соддароқ ва тушунарлироқ қилиб тасвирлаб беришга ҳаракат қиламан.

Тасаввур қиламиз, импорт божлари бўлмаган шароитда ички шакар истеъмоли 525 минг тоннани (импорт тўсиқлари бор шароитда бу кўрсаткич 470 минг тонна) ташкил этади. Агар импортга мавжуд тўсиқлар бутунлай олиб ташланса, бу ички бозордаги нархнинг 25% пасайишига сабаб бўлади. Импортга тўсиқлар 40% атрофида бўлган шароитда, тўсиқлар олиб ташланишининг умумий нархга таъсири аслида 25% дан юқорироқ бўлиши эҳтимоли катта, бироқ бозорлар соф рақобат бозори эмаслиги ҳамда транспорт харажатлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, тўсиқлар олиб ташланишининг нархга таъсирини -25% деб оламиз. Шакар нархини эса килограмми учун ўртача 9000 сўм этиб белгилаймиз ва зарур ҳисоб-китобни амалга оширамиз (чегара очилгандаги нарх эса 6750 сўм). Юқорида олинган шартларнинг ҳаммаси реал ҳаётга яқин қилиб олинган, албатта айрим хатоликлар бўлиши мумкин.


Импорт божларининг бекор қилиниши натижасида нархлар 6750 сўмгача пасайса, унда истеъмолчиларнинг нарх пасайишидан кўрадиган нафи 1,12 трлн сўмга тенг бўлади (графикда a+b соҳа). Ўтган йилги тенденцияни кузатсак, импорт божларининг олиб ташланиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти бутунлай тўхташига олиб келган эди, ҳозирги мисолда ҳам айнан шундай тасаввур қиламиз. Яъни импорт божларининг олиб ташланишидан ишлаб чиқарувчиларнинг умумий йўқотиши 528 млрд сўмга тенг бўлади (графикда а соҳа).

Кўриб турганингиздек, чегараларнинг очилиши натижасида истеъмолчиларнинг оладиган нафи ишлаб чиқарувчиларнинг йўқотишидан тахминан икки баробар кўпроқ. Бошқача айтганда, чегараларнинг очилишидан бутун иқтисодиёт 592 млрд сўм ютади. Бу рақам импорт божлари сақланиб қолган шароитда иқтисодиётнинг йиллик йўқотиши ҳисобланади. Яъни шакар импорти учун тўсиқларнинг олиб ташланиши умумий фаровонликни йилига қарийб 600 млрд сўмга оширади.

Агар йўқотишлар ёки ютуқларни аҳоли жон бошига ҳисобланса, бир қарашда йўқотишлар каттадек кўринмайди. Масалан, чегарада божлар мавжуд бўлган шароитда ҳар бир истеъмолчининг йўқотиши йилига ўртача 32 минг сўмни ташкил этади холос. Бошқача айтганда, шакар заводларининг ишлаб туриши ҳамда чегарадаги божларнинг сақланиб қолиши ҳар бир истеъмолчини йилига ўртача 32 минг сўмга камбағаллаштиради. Кўриб турганингиздек, агар зарарни бутун аҳолига бўлиб юборилса, унда битта истеъмолчи ўзининг камбағаллашаётганлигини ҳатто сезмайди ҳам. Аммо ҳар бир истеъмолчининг кўрган зарарини қўшиб чиқилса, унда бу жудаям катта рақамга айланади.

Бошқа томондан, ишлаб чиқарувчилар истеъмолчилар сингари кўп бўлмаганликлари туфайли, чегарадаги божларнинг сақланиб қолишидан ҳар бир ишлаб чиқарувчининг кўрадиган фойдаси катта бўлади. Табиийки, тўсиқларнинг олиб ташланишидан кўрадиган зарари ҳам. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда иккита шакар заводи фаолият юритади, ўз навбатида, савдонинг эркинлаштирилишидан келадиган зарар айнан шу икки завод елкасига тушади. Ўз-ўзидан, зарар жудаям катта бўлганлиги боис бу заводлар, қайсидир маънода, ҳукуматга турли йўллар билан таъсир ўтказишга уринади ҳамда ички бозорни имкон қадар юқорироқ божлар билан тартибга солишни талаб қилади. Протекционизм соясига яширинишга ҳаракат қиладиган бу каби заводлар, ўзларининг ишлаб туриши жамият учун фойдали эканлигига ҳукумат ва халқни ишонтириш мақсадида ўзлари яратаётган ишчи ўринларини асосий аргумент сифатида келтиришади.

Ваҳоланки, шакар заводларидаги иш ўринлари истеъмолчиларнинг камбағаллашиши эвазига яратилади. Масалан, ҳозирги кунда Ўзбекистондаги иккита шакар заводида 2000 га яқин ишчи фаолият олиб боради. Юқорида келтирилган мисолдан келиб чиқадиган бўлсак, мазкур заводларнинг ишлаб туриши оқибатида истеъмолчилар йилига жами 1,12 трлн сўмга камбағаллашади. Агар бу зарарни ҳар бир ишчига бўлиб чиқсак, 560 млн сўмдан тўғри келади. Яъни шакар ишлаб чиқаришда яратилган ҳар бир иш ўрни эвазига истеъмолчилар йилига 560 млн сўмга камбағаллашади. Ёки, бошқача айтганда, бу соҳада яратилган битта иш ўрни жамиятга 560 млн сўмга тушади. Агар заводларда ишлайдиган ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 3 млн сўмни ташкил этса (менимча, бу бироз оптимистроқ рақам), унда келиб чиқадики, истеъмолчилар учун импорт божларини олиб ташлаб, ишини йўқотган ишчиларга ойлик маошини тўлаб туриш ҳозирги ҳолатдан тахминан 15,5 марта арзонроқ тушади.

Бундан ташқари, «заводлар ёпилса, ишсизлик кескин ошиб кетади», деган аргументни берувчилар кўп топилади. Лекин заводда банд бўлган ходимларнинг ишсиз қолиши ишсизликни ҳозирги даражасидан бор-йўғи 0,00013% га оширади холос. Хўш, бу кўрсаткич сезиладими? Баъзи ҳудудлар, масалан, Ангрен ёки Хазорасп туманларида (Хоразм вилояти) бироз сезилиши мумкин, лекин бутун иқтисодиёт нуқтаи назаридан олиб қараганда, бу йўқотиш умуман сезилмайди.

Албатта, мен одамларнинг ишсиз қолиши яхши, деган фикрдан йироқман, лекин айнан мана шу заводларнинг ишлаб турганлиги сабабли ресурсларнинг нотўғри тақсимланиши натижасида йўқотиладиган потенциал иш ўринлари бу заводлар яратадиган иш ўринларидан анча кўпроқ. Бошқача айтганда, заводлар ёпилишидан иқтисодиёт иш ўринлари йўқотмайди, балки ресурсларнинг қайтадан, самаралироқ тақсимланиши натижасида кўпроқ иш ўринлари яратилади.

Шубҳасиз, юқоридаги типик мисол реал ҳаётдан фарқ қилиши мумкин. Қолаверса, модель ниҳоятда содда. Лекин бу мазкур мисол ҳақиқий ҳаётни акс эттирмайди, дегани эмас. Чунки, биринчидан, барча кўрсаткичлар мавжуд статистик маълумотларга асосланган ҳолда олинган, бундан ташқари моделнинг соддалиги ҳисобига баъзи омиллар эътибордан четда қолдирилади. Бу эса заводларнинг жамиятга келтираётган зарари аслида мисолда келтирилганидан кўра анча кўпроқ бўлиши мумкинлигини англатади.

Масалан, заводларнинг мавжудлиги ресурсларнинг нотўғри тақсимланиши ҳамда рағбатларнинг нотўғри шаклланишига олиб келади. Бундай оқибатларнинг моделда инобатга олинмаслиги ҳам заводларнинг келтираётган зарарини ҳисоб-китобларда камроқ кўринишига олиб келади. Бироқ моделнинг содда эканлиги ўқувчиларнинг ҳақиқий вазият ҳақида аниқроқ ва тушунарлироқ хулоса олишига ёрдам беради.

Хулоса

2020 йилда шакар импортининг қисқа муддат бўлсада эркинлашганлиги, албатта, жуда қувонарли ҳодиса бўлган эди. Лекин баъзи омиллар натижасида истеъмолчилар эркин савдонинг ҳақиқий нафини ўз таналарида сезишга муваффақ бўлолмади. Аммо бу эркин савдонинг фойдасиз ёки самарасиз эканлигини англатмайди. Протекционизм эса, ҳар доим таъкидланганидек, ёмон ва зарарли қарор. Унинг қанчалар зарарли эканлигини 2021 йилдаги тенденциялардан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, юқорида гувоҳи бўлганимиздек, ички бозоримизда шакар нархининг ўсиши, бизга тайёр шакар экспорт қиладиган давлатлар билан таққослаганда, ниҳоятда юқори бўлган.

Турли протекционизм усуллари орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш истеъмолчиларнинг камбағаллашиб боришига олиб келади. Лекин зарарнинг ҳар бир истеъмолчига таъсири кичик бўлганлиги учун истеъмолчилар ўзларининг камбағаллашаётганини сезмайди ҳатто. Аммо иқтисодиётимизнинг ҳажми айнан мана шунақа зарарли заводларнинг ишлаб туриши натижасида кичрайиб боради. Ечим эса — эркин савдо. Яъни эркин савдога йўл очиб берилиши истеъмолчиларни бойроқ қилади ҳамда умумий фаровонликни оширади.

Мен бу фикрим билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ёпиб чегарадаги божларни очиш керак, демоқчи эмасман. Чегарадаги импортга бўлган тўсиқларни олиб ташлаб, ички ишлаб чиқарувчилар адолатли рақобат муҳитида ишлай олишса, демак уларни ишлашига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Қайси маҳсулот бўлишидан қатъи назар, агар уни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариши импорт қилишдан арзонроқ бўлса, унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу товарни ишлаб чиқариши керак, агар чет элдан импорт қилиб истеъмол қилиш арзонроқ бўлса, унда бу товар ишлаб чиқарилиши эмас, балки импорт қилиниши керак. Масаланинг энг муҳим жиҳати эса, қайси маҳсулотни импорт қилиш-у, қайсинисини ишлаб чиқаришни давлат эмас, балки эркин ва божларсиз бозор ҳал қилиши керак. Акс ҳолда ҳар қандай нотўғри қарорнинг жабрини истеъмолчилар тортади.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш баҳонасида эркин савдонинг чекланиши фақатгина шакар билан боғлиқ ҳодиса эмас, балки бошқа кўплаб товарлар учун ҳам амал қиладиган режим ҳисобланади. Истеъмолчиларнинг савдо ёпиқлигидан кўрадиган зарари йилдан-йилга ошиб бормоқда, лекин афсуски қарор қабул қилувчилар истеъмолчиларнинг манфаатларига хизмат қиладиган қарорларни қабул қилишга умуман шошилишмаяпти. Эркин савдога қараб юрмаслигимиз эса, аслида, бугунги кундаги ҳақиқий фожеаларимиздан биридир.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Миркомил Холбоев - иқтисодчи, Жанубий Кореядаги Жеонбук миллий университети Халқаро савдо йўналиши магистранти.