Тошкент фонд биржасида «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти акциялари савдоси 14 мартдан бошлаб «мавжуд вазиятга ойдинлик киритилгунга қадар» тўхтатилди, дея хабар қилди Spot нашри. Бунга биржа савдоларида завод акциялари нархининг кескин тушиб кетгани сабаб бўлган.

Сўнгги ҳафтада «Ўзметкомбинат» қимматли қоғозлари деярли 2,5 баробар арзонлашган. 4 март кунги савдолар якуни бўйича битта акция нархи 125 800 сўмга тенг бўлган бўлса, 11 март куни нарх 51 528 сўмни ташкил қилган.

7 мартдан бошлаб ҳар бир савдо кунида акциялар нархи 20 фоизга тушиб кетган. Айниқса, 11 март куни савдолар ҳажми сезиларли даражада ошди. Шу куни 8898 дона акция 463 млн сўмдан қимматроққа сотилган.

Комбинат вакилларининг Spot нашрига изоҳ беришича, 15 март куни «Ўзметкомбинат» акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтади. Унда 1 январь ҳолатига кўра тақсимланмаган фойдани устав фондига капиталлаштириш масаласи кўриб чиқилади. Шу муносабат билан акциядорлар ўз улушларига мос равишда заводнинг қўшимча улушларини олади.

Шунингдек, компания инвесторлардан 4 мартдан кейин акцияларни сотишдан бош тортишни сўради. Ушбу санадан кейин акцияларни сотиб олган инвесторлар реестрга киритилмаслиги ва бонусли акциялар ололмаслиги мумкин.

«Бироқ 4 мартдан кейин баъзи инвесторлар томонидан акцияларни сотиш бўйича инсофсиз ҳаракатлар содир этилди, — дейилади компания хабарида. — Шу сабабли компания «савдонинг вақтинча ёпилишини қабул қилади».