Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Бу вақт ичида юзлаб глобал компаниялар Россия бозорини тарк этди. Мамлакат 5500 дан ортиқ субъектга нисбатан қўлланилган санкциялар ҳажми бўйича жаҳон етакчисига айланди. Fitch рейтинг агентлиги Россиянинг суверен кредит рейтингини «B» дан «C» га, яъни «дефолт муқаррар» даражасига туширди. Рубль доллар ва еврога нисбатан тарихий энг юқори кўрсаткичларини янгилади.

Уруш туфайли Украина иқтисодиёти ҳам катта зарар кўрди. Миллий банк раҳбари ўринбосари Сергей Николайчук Bloomberg агентлигига берган интервьюсида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳозирги шароитда икки баробар қисқараётганини айтди.

Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бўлган Россия ва Украинадаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши мамлакат иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. «Газета.uz» Ўзбекистоннинг ушбу икки давлат билан савдо-иқтисодий алоқалари қандай йўлга қўйилганини ўрганди.

Материални тайёрлашда Давлат статистика қўмитаси маълумотларидан фойдаланилган. «Газета.uz» қўмитага ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради.

Ўзбекистон Россия ва Украина билан савдо қиладиган маҳсулотлар рўйхати

Россия

Россия билан савдо-сотиқ
2019
2020
2021
Жами, млн доллар
6 669,6
5 659,5
7 517,0
Ўзбекистон экспорти
2 531,9
1 485,8
2 058,9
Россиядан импорт
4 137,7
4 173,8
5 458,1

Россия 2021 йилда Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлди ва 2014 йилдан бери биринчи марта Хитойдан ушбу мақомни олиб қўйди. Ўтган йил давомида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 7,51 млрд долларни ташкил этди, бу Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари ўртасидаги умумий савдо ҳажмининг 47,4 фоизини ташкил этади. Ўзбекистон экспорти ҳажми 38,5 фоизга ошиб, 2,05 млрд долларни, импорт ҳажми эса 30,7 фоизга ошиб, 5,45 млрд долларни ташкил қилди.

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (барча етказиб беришларнинг 30,5 фоизи), Қозоғистон (20,5 фоиз), Қирғизистон (12,2 фоиз) ва Хитой (11,7 фоиз) ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, мева-сабзавот экспортининг деярли учдан бир қисми Россия ҳиссасига тўғри келса-да, Ўзбекистон маҳсулотларининг Қозоғистон ва Қирғизистон орқали қайта экспорт қилиниши мумкинлигини ҳам ҳисобга олсак, бу кўрсаткич юқорироқ бўлиши мумкин.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Россия корхоналари ҳам ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг асосий харидорлари ҳисобланади. 2021 йилда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 38,9 фоизга оширди — 910,7 млн долларгача (барча етказиб беришнинг 31,1 фоизи). Аммо бу ерда ҳам қўшни давлатлар орқали амалга оширилиш эҳтимоли юқори мумкин бўлган реекспорт фактини ҳисобга олиш керак.

Ўзбекистон газ экспортини ҳам қайта тиклади: агар 2020 йилда 300 долларлик 2402 куб метр газ етказиб берилган бўлса, 2021 йилда 76,6 млн долларлик 627,9 млн кубометр газ етказиб берилган. Жисмоний ҳажмда полимерлар етказиб бериш 77,9 минг тоннадан 63,3 минг тоннагача камайган, бироқ улар қиймат жиҳатидан 58,8 млн доллардан 85,1 млн долларгача ошган. Трикотаж газламаларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди — 50,1 млн долларлик 13,2 минг тонна маҳсулот ўрнига 60,2 млн долларлик 11,9 минг тонна етказиб берилган.

Қайта ишланмаган рух экспорти қарийб 2,5 бараварга ўсди — 15,2 минг тоннагача (45,2 млн долларга). Ўзбекистон корхоналари мева-сабзавот шарбатларини етказиб беришни ҳам сезиларли даражада оширди — 6595 тоннадан 10,7 минг тоннагача (13,2 млн доллар).

Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича Россия Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринда туради — 799,2 млн доллар (27,3 фоиз). Ўсимлик ёғи импортининг ярмидан кўпи — 207,6 млн доллар (66,2%) ва маргарин — 86,6 млн доллар (80,8%), шунингдек, сут ва сут маҳсулотларининг учдан бир қисми — 17,9 млн доллар (32,2%) Россия ишлаб чиқарувчилари ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, Ўзбекистонга катта ҳажмдаги шоколад ва таркибида какао бўлган бошқа маҳсулотлар — 36,7 минг тонна (83,2 млн доллар), нон ва қандолат маҳсулотлари — 16,3 минг тонна (31,5 млн доллар), кир ювиш машиналари — 76,5 минг дона (20 млн доллар), енгил автомобиллар — 4539 (68,7 млн доллар), прокладкалар, тампонлар, тагликлар — 7378,4 тонна (27,1 млн доллар) импорт қилинади.

Бундан ташқари, Россия Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари — 643,3 минг тонна ва 59,2 минг литр (443,2 млн доллар), ёғоч — 2,16 млн куб метр (328,3 млн доллар), ДСП — 458,5 минг куб метр (115,5 млн доллар), толали плиталар — 46,4 млн квадрат метр (121,1 млн доллар), қора материаллардан тайёрланган қувурлар ва трубкалар — 175,5 минг тонна (233 млн доллар), рудалар ва мис концентратлари — 18,9 минг тонна (137,4 млн доллар), ярим тайёр металл буюмлар ва темир ёки пўлатдан ясси маҳсулотлар — 531,9 минг тонна (499,8 млн доллар), дори воситалари — 5739 тонна (107,1 млн доллар) ва бошқа ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт қилади.

Рубль қадрсизланиши туфайли ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг экспорт маҳсулотлари Россия бозорида қимматлашади ва рақобатбардошлиги пасаяди. Ўзбекистон ҳукумати экспортчиларга йўқотиш хавфини камайтириш мақсадида хорижий валютага боғланган шартномалар тузишни тавсия қилди.

Импортга келсак, Россиядан олиб келинган товарлар Ўзбекистон бозорига арзонроқ кириши эҳтимоли бор. Шу билан бирга, Россия томони ўзининг ички бозорини таъминлаш учун айрим товарлар экспортини чеклаши мумкин.

Молиялаштириш

Ўзбекистон компаниялари сўнгги йилларда Россиядан катта миқдорда кредит ресурсларини жалб қилди. Асосан ҳозирда санкциялар рўйхатида бўлган банклардан:

  • Газпромбанк — 2021 йилда банк Ўзбекистонда фаолият юритувчи компаниялар билан бир қанча кредит шартномаларини тузди. Масалан, Самарқанд кимё заводига иккита лойиҳа учун 750 млн доллар, «Ўзтрансгаз»га эса 300 млн доллар бериш ниятида. Бундан ташқари, «Газпромбанк» Jizzakh Petroleum`га Бухоро вилоятида янги газ-кимё мажмуасини қуриш учун 800 млн доллар ажратадиган консорциумга кирди. Бунгача банк Шўртан газ-кимё мажмуаси лойиҳасини амалга ошириш учун 120 млн доллар миқдорида кредит ажратган, шунингдек, Самарқанд аэропортини модернизация қилишни молиялаштиришда иштирок этишни режалаштирган эди.
  • ВТБ банк Навоий кон-металлургия комбинати инвестиция дастурини молиялаштириш учун 1 млрд доллар ажратишни режалаштирган.
  • Россиянинг ВЕБ.РФ давлат корпорацияси 2019−2022 йилларда Ўзбекистонга Россиянинг юқори технологияли маҳсулотларини етказиб беришни қўллаб-қувватлаш учун 174 млн евро ажратишни режалаштирган эди. ВЕБ.РФ «Ўзбекнефтгаз»га ҳам 650 млн долларлик кредит линиясини очди. Шунингдек, корпорация ОКМК таркибида мисни қайта ишлаш заводини қуриш учун давлат кафолатисиз ва кафиллигисиз 712 млн евро миқдорида кредит ажратди.

Ушбу банкларнинг йирик иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириши кераклиги ҳисобга олинса, Ўзбекистон санкциялар туфайли мазкур манбалардан маҳрум бўлиши эҳтимоли бор. Ҳукумат қўшимча молиялаштиришга ишониш мумкинлигига ойдинлик киритиш учун россиялик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориши керак.

Шу билан бирга, «Газета.uz» суҳбатдошларига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар «ликвидли ва манфаатли» бўлгани учун ҳукуматни молиялаштириш ташвишга солмайди, бошқа давлатлардан ресурсларни жалб қилиш муаммо туғдирмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон узоқ муддатда фойда кўриши мумкин. Камроқ ставкада еврооблигациялар чиқариш орқали ғарб банкларининг кредит маблағларини ёки қарз бозорини жалб қилиш учун лойиҳаларни синчиклаб ўрганиш ва корхоналарни ўзгартириш талаб этилади. Лойиҳаларни хусусийлаштириш варианти ҳам мавжуд.

Меҳнат мигрантлари

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

2021 йилда Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 8,1 млрд долларни ташкил этди, бу 2020 ва 2019 йилларга (6 млрд) нисбатан 34 фоизга кўпдир. Россиядаги иқтисодий вазият туфайли 2022 йилда меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми кутилган ўсиш 3 фоиз ўрнига 21 фоизга камайиши мумкин, деб тахмин қилмоқда Жаҳон банки экспертлари.

Рублнинг қадрсизланиши мигрантларнинг доллар даромадининг камайишига олиб келади ва бу Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмига бевосита таъсир қилади. Россиянинг SWIFT тизимидан узилиши Ўзбекистон аҳолиси барча даромадларининг 15−16 фоизини ташкил этувчи пул ўтказмаларини ҳам қийинлаштиради.

Бундан ташқари, компанияларнинг оммавий ёпилиши ва Россия аҳолисининг ялпи талабининг камайиши ишсизликнинг, шу жумладан мигрантлар орасида ўсиши хавфини оширади. Даромад камайганлиги сабабли, улар ўз харажатларини камайтириш учун патент ва бошқа тўловлардан воз кечишни бошлашлари мумкин. Бу ноқонуний мигрантлар сонини оширади.

Бундан ташқари, компанияларнинг оммавий ёпилиши ва Россия аҳолиси ялпи талабининг камайиши шу жумладан мигрантлар орасида ишсизлик даражасининг ўсиш хавфини оширади. Даромад камайганлиги сабабли, улар ўз харажатларини камайтириш учун патент ва бошқа тўловлардан воз кечишни бошлашлари мумкин. Бу эса ноқонуний мигрантлар сонини оширади.

Ўзбекистон ҳукумати аллақачон юмшатиш чораларини кўрмоқда. Хусусан, банклар рублни сотиб олиш ва сотиш бўйича операцияларни бошладилар. «Газета.uz»га ҳукуматдаги манбанинг айтишича, Россиядаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Украина

Украина билан савдо-сотиқ
2019
2020
2021
Жами, млн доллар
383,8
439,4
704,0
Ўзбекистон экспорти
119,4
123,9
231,6
Украинадан импорт
264,4
315,6
472,4

Украина Ўзбекистоннинг тўққизинчи йирик савдо ҳамкоридир. Охирги икки йилда товар айирбошлаш ҳажми 1,8 баробар ошиб, 704 млн долларни ташкил этди. Ўтган йили экспорт ҳажми 231,6 млн доллар, импорт 472,4 млн доллардан иборат бўлди.

2021 йилда Ўзбекистон корхоналари томонидан Украинага асосан мева-сабзавот маҳсулотлари — 31,2 минг тонна (15,2 млн доллар), тўқимачилик маҳсулотлари — 51,6 млн доллар, азотли ўғитлар — 70 млн килограмм (49,2 млн доллар), калийли ўғитлар — 41,8 млн килограмм (11,6 млн доллар), этилен полимерлари — 18,5 минг тонна (18,4 млн доллар), қайта ишланмаган рух — 9597 тонна (27,7 млн доллар), автомобиллар — 929 дона (7,4 млн доллар) экспорт қилинди.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Ўз навбатида, Украина корхоналари томонидан 81,3 млн долларга 4124 тонна дори-дармон, 11,6 млн долларга 5525 тонна гўшт, 8 млн долларга ўсимлик ёғи, 8,5 млн долларга 5561,7 тонна қандолат маҳсулотлари, 7,3 млн долларга шоколад ва какаодан озиқ-овқат, 150 минг тонна темир, 124,8 млн долларлик ярим тайёр маҳсулотлар ва ясси прокат ва бошқа саноат товарлари ва ускуналари етказиб берилди.

Ўзбекистонга шакар етказиб бериш 12,6 минг тоннадан 3378 тоннага (1,8 млн доллар) камайди.

«Фармак» фармацевтика компанияси (Киев) 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фармацевтика бозорида 2,3 фоиз улуш билан бешинчи ўринни эгаллади. Компания вакилининг маълум қилишича, Ўзбекистон компаниянинг экспорт савдоларидаги асосий давлат ҳисобланади.

Бошқа бир фармацевтика компанияси «Лекхим» 2023 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва лойиҳанинг биринчи босқичига 40 млн долларгача сармоя киритишни режалаштирган эди.

Украинадаги урушни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонга дори-дармон етказиб бериш ва лойиҳаларни амалга ошириш тўхтатилиши, айланмани 1 млрд долларга етказиш мақсади узоқроқ муддатга кечиктирилиши мумкин.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов яқинда Россия ва Украинадаги ҳодисаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақидаги фиркларини ўртоқлашган эди. Унинг таъкидлашича, Россия-Украина ўртасидаги можаро натижасида логистика, банк иши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ва рубль курси қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиёти ва меҳнат муҳожирларига ўз таъсирини ўтказади. Бироқ тадбиркор бу ҳолат Ўзбекистонда туризм ва авиацияни ривожлантириш, юқори малакали кадрларни жалб қилиш каби имкониятларни ҳам тақдим этиши мумкинлигини таъкидлади.

Аввалроқ «Газета.uz» билан суҳбатлашган уч иқтисодчи Россия молия тизимига қўлланилган санкциялар ва рубль қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкинлиги, Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳозирги шароитда нима қилгани маъқул экани ва эҳтимолий инқироз оқибатларига қарши кураш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақидаги фикрларини билдирган эди.