Россиянинг «Газпромбанк» компанияси Самарқанд халқаро аэропортини модернизациялаш ва бошқариш лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар берди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битим лойиҳа доирасида ўтган йилнинг сентябрида Uzbekistan Airports давлат компанияси ва Air Marakanda хорижий компанияси ўртасида имзоланган.

Ҳозирда лойиҳа якуний молиявий натижа босқичига ўтиш учун тайёргарлик якунланган, 7 февраль куни ДХШ тўғрисидаги келишув томонлари лойиҳани амалга ошириш учун энг муҳим ва асосий шартларни белгилаб олдилар, дейилади хабарда.

Лойиҳага кўра, «Газпромбанк» шунингдек, унда Air Marakanda иштирокининг молиявий ва тижорат жиҳатлари бўйича молиявий маслаҳатчиси ҳисобланади.

Аввал хабар берилганидек, лойиҳанинг умумий бюджети 83 млн доллардан ортиқни ташкил этади. Янги терминални қуриш ишлари якунига етган, ҳозирда унда пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, йўл инфратузилмаси, автотураргоҳ ва ёритиш тизимлари қурилмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг энг йирик EPC-пудратчилари — Enter Engineering компанияси томонидан ҳаётга тадбиқ этилмоқда, дейилади хабарда.

Янги халқаро йўловчи терминалини I кварталда ишга тушириш режалаштирилган.

«Лойиҳанинг амалга оширилиши бутун мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишига, жумладан, республикага туристлар оқимини кўпайтириш, сармоявий жозибадорлик ва умуман фаровонликни оширишга хизмат қилади. „Газпромбанк“ учун ушбу лойиҳада иштирок этиш қизиқ, бу лойиҳа Ўзбекистон давлат-хусусий шериклик бозори учун муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда», — дея изоҳ берди Газпромбанк бошқаруви раиси ўринбосари Алексей Белоус.

«Лойиҳада «Газпромбанк»нинг инвестиция ҳамкори сифатида иштирок этиши Ўзбекистоннинг туризм ва логистика соҳалари ривожланаётган улкан салоҳиятидан далолат беради, — дея қайд этди Air Marakanda директори Ғайрат Неъматов.

«Газпромбанк» хабарида таъкидланишича, компания лойиҳага қизиқиш билдирган ҳолда #МEГАИГРОК инфратузилмасини яратиш стратегияси доирасида ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ, худди шу мақомда «Газпромбанк» Екатеринбург ҳалқа йўли участкаларини реконструкция қилиш лойиҳасида, Владивосток ҳалқа йўлини яратишнинг биринчи босқичи лойиҳасида иштирок этиш, шунингдек, Омск шимолий айланма йўлини молиялаштириш ва яратиш ташаббуси билан чиққан эди.

Февраль ойининг бошида «Газпромбанк» Ўзбекистонда ваколатхона очиши ҳақида баёнот берган эди. Ҳозирда ваколатхона Марказий банкда аккредитация жараёнидан ўтган. Ваколатхона Ўзбекистоннинг давлат органлари, молия-кредит ташкилотлари, таълим ва хўжалик юритувчи субъектлари билан алоқаларни ўрнатиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, банкнинг Ўзбекистонда халқаро бизнесини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, банк бренди тарғиботини илгари суриш, банк томонидан мамлакатда амалга оширилаётган ташаббусларни ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.