2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида ички валюта бозоридаги ҳолат хорижий валютага бўлган таклиф ва талаб ҳажмининг ўсиши шароитида шаклланди, дейилади Марказий банк шарҳида.

Ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 2021 йилнинг I ярим йиллигида 9,8 млрд АҚШ долларини (Марказий банк интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ўсди (2020 йилда — 6,0 млрд доллар, 2019 йилда — 5,1 млрд доллар).

Хусусан, мазкур даврда:

  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 4,6 млрд доллар миқдоридаги чет эл валюталари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ошди (2020 йилда — 2,7 млрд доллар);
  • банклар ва жисмоний шахслар томонидан сотилган чет эл валюталари миқдори 3,7 млрд долларни (2020 йилда — 2,4 млрд доллар);
  • Давлат марказлашган ресурслари ҳисобидан сотилган чет эл валюталари миқдори 1,5 млрд долларни ташкил этди (2020 йилда — 930 млн доллар).

Ички валюта бозоридаги таклиф манбалари (млн доллар)

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ички валюта бозори операцияларида талабнинг умумий ҳажми 11,3 млрд долларни ташкил этиб, 2019 ва 2020 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан 1,7 ва 1,4 баробарга ўсди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг умумий талабдаги улуши 2021 йилда 18 ва 82 фоизларни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг тегишли даврида бу кўрсаткич мос равишда 21 ва 79 фоиз нисбатида бўлган.

Ички валюта бозори сегментлари кесимида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўзгариш динамикаси (млн доллар)

Юридик шахслар билан амалга оширилган валюта операциялари

Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2021 йилнинг дастлабки 6 ойлигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43 фоизга ўсиб, 9,3 млрд долларни ташкил этди (2020 йил январь-июнь ойлари — 6,5 млрд доллар).

Шунингдек, ушбу даврда юридик шахслар томонидан ички валюта бозорида 7,8 млрд доллар миқдоридаги хорижий валюталар сотилиб, бу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробарга кўпдир (2020 йил I ярим йиллигида — 4,3 млрд доллар).

2021 йил январь-июнь ойларида банкларнинг юридик шахслар билан тўғридан-тўғри операциялари ҳажми динамикаси (млн доллар)

Валюта бозорида чет эл валютасининг асосий қисми (56 фоизи) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 21 фоизи — хорижий кредитларни сўндириш, 20 фоизи — халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 1 фоизи — хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 2 фоизи — бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 58 фоизни, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 24 фоизни ташкил этди. 2020 йилнинг тегишли даврида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 57 ва 21 фоизга тенг бўлган.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ойлик ўртача сони 9053 тани ташкил этиб, 2019 ва 2020 йилларнинг мос даврига нисбатан 47 ва 48 фоизга ошган (2019 йилда — 6153 та, 2020 йилда — 6253 та).

Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар

Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шахобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 3,3 млрд долларни ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга (2020 йилда — 2,2 млрд доллар) ошди.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан 2 млрд доллар сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробар (2020 йилда — 1,7 млрд доллар) ўсди.

Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ошди.

2019 — 2021 йиллар январь-июнь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми (млн доллар)

Алмашув курси динамикаси

Жорий йилнинг I ярим йиллигида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг фундаментал факторлари ҳамда ташқи омиллар таъсирида шаклланди. Хусусан, ҳисобот йили бошидан миллий валюта курси 1,2% га, июнь ойида эса 0,2% га қадрсизланди.