Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21% га қисқариши кутилмоқда. Жаҳон банки Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятларнинг Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажмига таъсирини инобатга олган ҳолда, ўз прогнозларини янгилаганлигини маълум қилди.

Банк прогнозларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25% га қисқаради. Мазкур тенденция Россия-Украина ўртасидаги сиёсий зиддиятлар сабаб Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва, бир вақтнинг ўзида, рубль курсининг кескин қулаши билан изоҳланган.

Хусусан, иқтисодий фаолликнинг пасайиши мамлакатда иш ўринларининг қисқаришига олиб келиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, мигрантларнинг умумий даромад даражасига таъсир кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида, рублнинг кескин қадрсизланиши мигрантлар иш ҳақларининг доллар эквивалентдаги номинал қийматининг пасайишига сабаб бўлади. Қолаверса, жорий этилган санкциялар ва Россия банкларининг SWIFT тизимидан узилиши пул ўтказмаларининг расмий каналлар орқали юборилишини қийинлаштиради, натижада ўтказмалар қисман билвосита ва норасмий каналларга кўчиши кутилади.

Маълум қилинишича, 3 март ҳолатига рубль долларга нисбатан 25 фоизга қадрсизланган ва бу тенденция 2022 йил давомида ўзгармаслиги эҳтимоли юқори.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми қарийб 7 млрд долларни (ЯИМнинг 11,6 фоизи) ташкил этган бўлса, шунинг 55% қисми Россия ҳиссасига тўғри келган. Хориждан юбориладиган пул ўтказмалари умумий ҳажмида йирик улушга эга давлат сифатида Россиядаги беқарорлик 2022 йилдаги пул ўтказмалари ҳажмига сезиларли таъсир кўрсатади.

Барқарор шароитда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 3% га ўсиши прогноз қилинган эди, янгиланган прогнозлар эса 21% лик пасайиш тенденцияси кузатилишини кўрсатган.

Халқаро пул ўтказмалари қисқаришининг энг юқори суръати Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистонда кузатилиши кутилмоқда — 33%. Қирғизистон айнан хориждан кириб келадиган пул ўтказмаларига кучли даражада боғлиқ бўлиб, 2021 йилнинг I-III чорагида хориждан ўтказмалар мамлакат ЯИМининг қарийб учдан бир қисмига тенг бўлган ва ўтказмалар умумий ҳажмида Россиянинг улуши 83% ни ташкил этган.

Шунингдек, Тожикистон ва Қозоғистонга хориждан трансферлар 2022 йилда мос равишда 22% ва 17% га қисқариши кутилади.

Жадвал: Жаҳон банки.

Марказий банк маълумотларига кўра, январь ойида Ўзбекистон аҳолиси 506,1 млн доллар миқдорида трансчегаравий пул ўтказмаларини қабул қилган.