Тадбиркор, «Korzinka.uz» асосчиси Зафар Ҳошимов Россия-Украина ўртасидаги можаро Ўзбекистон иқтисодиётига ва мигрантларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги юзасидан мулоҳазаларини ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Шу кунларда мендан Украина воқеалари иқтисодиётимиз учун қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида кўп сўрашмоқда. Жавоб: қисқа қилиб айтадиган бўлса, яхши эмас», — дея таъкидлади у. Унинг сўзларига кўра, кўплаб муаммолар аллақачон пайдо бўла бошлаган.

Айни вақтдаги муаммолар

Логистика. Украинадан, Украина ҳудуди орқали, Украина ва Болтиқбўйи давлатларининг портларидан чиқиб, Россия ҳудудидан транзит орқали кириб келадиган ҳамма нарса, буларнинг ҳаммаси учун муқобил ва, эҳтимол, қимматроқ йўлларни топишга тўғри келади. Баъзи маҳсулотлар учун бундай маршрутларни топиш имконсиз бўлади. Масалан, биз Польшадан олма, Молдовадан картошка, Болтиқбўйи давлатларидан сут импорт қилар эдик. Бу маҳсулотлар Россия, Беларусь ва Украина ҳудудлари орқали қуруқликда ташиб ўтилади. Бу товарлар учун муқобил йўналишни ўйлаб топиш иқтисодий жиҳатдан имконсиз бўлади.

Россия портлари орқали дунёнинг турли давлатларидан олиб келинадиган юклар ҳам муаммога учрайди: кўплаб денгиз линиялари (халқаро денгиз юк ташиш компанияларининг кемалари) Россия портларига юк ташишдан бош тортди. Россия савдо кемалари эса Европа, Шимолий Америка, Япония ва Жанубий Корея портларига кира олмайди. Шу сабабли, барча денгиз юклари Қора денгизга, Босфор бўғози орқали ва фақат Поти (Грузия) портига ёки Форс кўрфазидаги Бандар Аббос (Эрон) порти орқали ўтказилади. Баъзи товарлар учун бу йўллар қимматроқ бўлади, бошқалари учун эса нарх ва вақт туфайли бутунлай тўғри келмайди. Эҳтимол бу портларда уларнинг ўтказувчанлиги туфайли тиқилинч ва гавжумлик юз беради.

Банк иши. Россия ва Беларусда импорт учун тўлов ва бизнинг экспортимиз учун ушбу мамлакатлардан тўловлар Россия банкларига нисбатан қўлланилган санкциялар туфайли мураккаблашади. Аммо шуни айтиш керакки, бу муаммолар жуда қисқа муддатли, чунки тўлов ҳақида гап кетганда, қабул қилувчи томон ҳар доим ажойиб мослашувчанлик ва зукколикни намоён этади ва уларга тўловни қандай амалга ошириш бўйича кўплаб вариантларини тезда таклиф қилади. Биз ёпиқ пул тизимидаги бой ҳаёт тажрибасини ҳали унутганимиз йўқ.

Россия ва Беларусь етказиб берувчилари билан янада мураккаб муаммолар юзага келади ва бу ўрта ҳамда узоқ муддатли истиқболда таъсирини кўрасатади: уларни ҳозирда хом ашё, технологиялар, материаллар, бутловчи қисмлар бозорларидан ажратиб ташлашмоқда. Улар ишлаб чиқариш компонентларини маҳаллийлаштирмагунча етказиб беришда қийинчиликларга дуч келишади. Бу узоқ вақт талаб қилиши мумкин, баъзилари эса ҳеч қачон бўлмайди. Натижада Россияда ишлаб чиқарилган ва биз импорт қилаётган айрим товарларнинг танқислиги ҳамда нархи ошиши кузатилади.

Кўпгина муҳим товарлар учун Россиянинг ўзи чекловлар ёки экспорт тақиқларини жорий қилади ва афсуски, бу биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар бўлади. Тушунтираман. Россия аллақачон бундай бир қатор товарларга қатъий чекловларни жорий қилган. Энди ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарларни ишлаб чиқарувчилар учун ички бозорда сотишдан кўра ўз маҳсулотларини экспорт қилиш фойдалироқ ва экспортнинг тез ўсиши Россия Федерацияси ҳукумати томонидан ички бозорни таъминлаш мақсадида экспортни тақиқлаш ёки чеклаш шаклидаги реакцияга сабаб бўлиши мумкин.

Украинага ва Украинадан барча жисмоний юклар тўхтатилади. Бу маҳсулотлар ва бозорлар энди муқобил йўналишларни топишлари керак.

Хизматлар бўйича. Украина компаниялари томонидан кўрсатиладиган IT, технология, дизайн, маркетинг хизматлари, маълумотларни сақлаш ва узатиш хизматлари, техник ёрдамлар ҳам вақтинчалик тўхтатилган. Бу ҳам ёмон, чунки бундай юқори даражада ва арзон нархда ушбу хизматлар Украинадан бошқа ҳеч ким томонидан тақдим этилмайди. Бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи Украина компаниялари ҳарбий ҳаракатларга қарамай, ўз хизматларини онлайн қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Бу аллақачон пайдо бўлган тўғридан-тўғри ва осон башорат қилинадиган муаммоларнинг биринчи гуруҳи эди.

Кейинчалик юзага келадиган мураккаб муаммолар

Рублнинг қадрсизланиши. Бу барча муҳожирларимизнинг даромадига таъсир қилади. Шунингдек, Россиядан нақд пул ўтказмалари қийинлашади. Россияда резидентлар ва норезидентлар учун валюта экспортига чекловлар аллақачон ўрнатилган. Вазият кескинлашишда давом этса, чекловлар кучайтирилиши ва рубль янада пасайиши мумкин. Даромадлари рублда бўлган муҳожирларимиз учун бу тўғридан-тўғри даромадни йўқотиш ҳисобланади.

Мен ушбу мақолани ёзаётганимда, Россия банклари жисмоний шахслар топшириғига кўра хорижий валюта сотиб олганида 30% комиссия ўрнатилишини эълон қилди, кейинчалик бу комиссия 12 фоизгача туширилди. Бу қадамларнинг барчаси меҳнат муҳожирларининг мамлакатга пул ўтказмаларига сезиларли таъсир кўрсатади.

Россия иқтисодиёти мисли кўрилмаган санкциялар остида чуқур таназзулга ва сармоя танқислигига дуч келади. Бу аҳолининг иш ўринлари ва даромадлари, шу жумладан, биринчи навбатда, меҳнат мигрантларининг даромадлари ҳам қисқаришини англатади. Мигрантларнинг пуллари тўғридан-тўғри аҳолига келиб тушади ва бу уларнинг кундалик истеъмолининг асосий қисмини ташкил қилади, яъни бу мамлакат истеъмолчиларининг анча кенг доираси даромадлари ва харид қобилиятига таъсир қилади.

Рублнинг қадрсизланиши ўзбек сўми курсига чекланган бўлсада, босимни келтириб чиқаради. Бу босим, хайриятки, валюта тушумлари, айтайлик, 5−6 йил олдингига қараганда яхшироқ диверсификацияланганлиги ва бундай ноаниқлик ҳамда ўзгарувчанлик даврида мамлакатга валюта кириб келишининг асосий манбаларидан бири бўлмиш олтин нархининг жаҳон бозорида ўсиши билан чекланади. Бу валюта тушумларининг қисқаришини қисман қоплайди ва маълум даражада барқарорлаштирувчи омил бўлади.

Экспорт тушумлари яна Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ўртасида талаб ва тўлов қобилиятининг пасайиши туфайли камаяди.

Буларнинг барчаси ўрта муддатли истиқболда инфляцияга таъсир қилади. Бундан ташқари, гап ички бозордаги нархлар динамикасида эмас, бу жаҳон нархлари туфайли содир бўлади. Ўтган йилнинг ўзидаёқ юқори эмиссия ва тадбиркорлик фаоллигининг кескин ўсиши ҳамда пандемиядан кейин товарларга талабнинг кескин ортиши туфайли доллар инфляцияси 6 фоиздан кўпроқни ташкил қилди. Худди шу йили бунга Украинадаги вазият ва Россиянинг яккаланиши натижасида энергия, буғдой, ўсимлик ёғи ва бошқа товарларнинг ўсиши қўшилади, бунда ушбу давлатларнинг юқоридаги товарларни ишлаб чиқаришдаги улуши сабаб бўлади.

Доллар инфляцияси, албатта, ўтган йилгидан паст бўлмайди ва баъзи прогнозларга кўра, у 8−10 фоизгача кўтарилиши мумкин. Сўм курсини барқарор ушлаб туриш қийин ва бу зарарли ҳам, чунки сўм курсини ушлаб туриш орқали биз ўзимиз билмаган ҳолда анъанавий бозорларимизга экспортимизни янада камайтирамиз. Ва, буларнинг барчаси туфайли қайта молиялаш ставкасининг тез пасайиши ҳам кутилмайди.

Россиянинг кўпгина банклари ва корхоналари Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириб, инвестиция фаолиятини амалга оширардилар. Улар яқин йилларда буларнинг барчасини давом эттириш учун ликвидликка эга бўлмайдилар ва бу ҳам мамлакат иқтисодиётидаги ликвидликка босим ўтказади, деб айтиш мумкин. Шунингдек, истеъмол кредитлари ҳажми ва қиймати яхшиланмайди.

Янги имкониятлар

Ушбу яхши бўлмаган янгиликлар билан бир қаторда, янги ва кутилмагандек туюладиган имкониятлар очилаётган соҳалар ҳам борлигини таъкидлаш керак.

Россия ва Беларусдан мутахассислар ва тадбиркорларни кўчириш. Ушбу мамлакатлардан бўлган ушбу синфнинг кўплаб вакиллари ўз ватанларидан ташқарида янги имкониятларни қидирмоқда. Булар IT-мутахассислари, дастурчилар, креатив сектор, консультантлар, технологлар, аудиторлар, маркетинг, дистрибьюторлик, кўнгилочар бизнес, чакана савдо бўйича мутахассислар, Россия ва Беларусда ёпилаётган кўплаб компаниялар ва соҳаларда ишлаган ва лойиҳаларни бошқарган одамлар ҳисобланади.

Бу бизнинг меҳнат бозоримиз учун жуда яхши имконият, айнан мана шундай мутахассисларга бизда жуда катта танқислик ва уларнинг нархи қиммат, шунингдек, яқин вақтгача кичик ва ўрта бизнес учун экспертизанинг ўзи мавжуд эмас эди, бу эса ўсиш ва ривожланишни чекловчи омиллардан бири эди.

Туризм. Ҳозир кўплаб давлатлар руслар ва беларуслар учун ёпиқ ҳамда бизнинг мамлакатимизга сайёҳлик ҳажми ўсишига ишончим комил. Кеча бир рус Тошкентга «Бэтмен» ҳақидаги янги фильмнинг премьерасини томоша қилиш учун келгани ҳақидаги қизиқ воқеани билиб қолдим.

Авиация ривожланиши учун ажойиб имкониятлар очилмоқда. Аксарият чегарадош давлатлар Россия авиацияси учун ўз осмонини ёпгач, уларнинг деярли барчаси «ерга қўндирилган» ёки фақат ўз мамлакати периметри доираси билан чеклаб қўйилган бир вазиятда, мамлакатимиз авиациясининг Европани Узоқ ва Ўрта Шарқ ҳамда Жануби-Шарқий Осиё билан боғловчи ҳаво йўллари ўртасидаги қулай жойлашуви билан бирга, бир вақтнинг ўзида ҳам Россия, ҳам Европа узра уча оладиган бизнинг авиациямиз учун қанчалик кўп имкониятлар очилишини бир тасаввур қилиб кўринг.

Нима қилиш керак?

  • Ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида таъминот манбаларини диверсификация қилиш имконини берадиган барча озиқ-овқат ва истеъмол товарларига импорт божлари ва акциз солиғини бекор қилиш лозим. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ва бозордаги нархларнинг кўтарилиши ҳамда танқислигини юмшатишнинг деярли ягона йўлидир.
  • Бозорларни ва маҳсулот турларини, ҳам экспорт, ҳам импортни диверсификация қилиш;
  • ЖСТга киришни имкон қадар тезлаштириш ва барча давлатлар билан эркин савдо шартномаларини тузиш зарур;
  • Халқаро ҳуқуқ ва давлатлараро шартномаларга мувофиқ барча транзит мамлакатлар, жумладан, биринчи навбатда Россия ҳудуди орқали юкларнинг тўсиқсиз ўтишини таъминлаган ҳолда мамлакатимиздан ва мамлакатимизга олиб борувчи логистика йўналишларини диверсификация қилиш;
  • Имконият даражасида меҳнат муҳожирларимиз учун меҳнат бозорларини диверсификация қилиш;
  • Россия ва Беларусда бизнинг меҳнат бозоримиз маркетингини фаоллаштириш;
  • Мутахассисларни бошқа жойга кўчиришни имкон қадар соддалаштириш: махсус соддалаштирилган виза режимларини (иш визалари ҳақида гапиряпмиз), рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тизимини, яшаш учун рухсатномаларни, ишлашга рухсатномаларни беришни жорий қилиш ва буни барча мутахассисликлар бўйича амалга ошириш;
  • Фуқаролик авиациясида ҳаво флоти, рейслар ва маршрутлар сонини, шу жумладан, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш ҳисобига кўпайтириш, Бизнинг авиакомпанияларимиз тез муваффақиятга эришиш учун ноёб имкониятга эга.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин «Газета.uz» Россия-Украина ўртасидаги можаро Ўзбекистон иқтисодиётига ва мигрантларга қандай таъсир қилиши бўйича иқтисодчилар фикрини тақдим этганди.