Ўзбекистонда жисмоний шахслар ва чет эл фуқароларига (норезидентлар) давлат қимматли қоғозларини (ДҚҚ) харид қилиш ҳуқуқи берилади, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати. Хабарга кўра, бунга Вазирлар маҳкамасининг 21 февралда тасдиқланган қарори асос бўлади.

Қайд этилишича, ҳозирги кунгача ДҚҚни жисмоний шахслар ва норезидентлар орасида жойлаштирилиши қонунан назарда тутилмаган эди.

«Молия вазирлиги томонидан давлат қарзи портфелини диверсификациялаш ва валюта хатарларини пасайтириш мақсадида ДҚҚ чиқариш ҳажмини ошириш ва иккиламчи бозорни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотларга кўра, Молия вазирлиги томонидан 2018 йилда 3 та аукционда 597,1 млрд сўм, 2019 йилда 15 та аукционда 1,5 трлн сўм, 2020 йилда 22 та аукционда 5,0 трлн сўм ва 2021 йилда 64 та аукционда 4,9 трлн сўм қийматга эга ДҚҚ жойлаштирилган.

Шунингдек, «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, жорий йилда чиқарилиши кўзда тутилган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6,0 трлн сўмни ташкил этади.

Шунингдек, ҳукумат қарорига биноан ДҚҚ бозорини ривожлантиришга доир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан:

  • ДҚҚ бозорида дилер функцияларини бажариш учун бирламчи ва иккиламчи дилерлик тушунчалари киритилади;
  • инфляцияга боғланган ДҚҚ чиқариш имконияти яратилади;
  • даромадлилик ва фоизларни ҳисоблашда Халқаро капитал бозорлари халқаро ассоциацияси томонидан қўлланиладиган формулалардан фойдаланилади;
  • аукцион натижалари бўйича ҳисоб-китоблар Т+0, Т+1 ва Т+2 халқаро стандартлари асосида амалга оширилади;
  • халқаро идентификация кодларини бериш орқали ДҚҚ муомалага чиқариш имконияти яратилади;
  • ДҚҚ бўйича фоиз тўловларини тўлаш халқаро стандартларга мос ҳар олти ойда амaлга оширилади;
  • ДҚҚ бозоридаги операциялар тўғрисидаги ахборотлар мунтазам равишда Молия вазирлиги, Марказий банк ва ЎзРВБнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.

Вазирликнинг қайд этишича, мазкур ўзгаришлар «ДҚҚ бозорини халқаро стандартларга мослаштириб, уни самарали бошқариш ҳамда халқаро инвесторларни ички молия бозорига жалб қилишга хизмат қилади».

Январь ойида Молия вазирлиги Ўзбекистон илк бор валюта биржасига 10 йил муддатга 10 млрд сўмлик давлат облигацияларини жойлаштирганлиги ҳақида хабар қилган эди. Бундан ташқари, 174,5 млрд сўмлик муомала даври 5 йил бўлган облигациялар ҳам биржага чиқарилган.