25 январь куни Ўзбекистон илк бор валюта биржасига муддати 10 йил бўлган умумий қиймати 10 млрд сўмлик давлат облигацияларини жойлаштирди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу давлат қимматли қоғозларининг ўртача тортилган фоиз купон тўлови мос равишда, йиллик 14,5 ва 15 фоизни (10 йиллик облигациялар) ташкил этиб, 10 йиллик муддат учун бенчмарк яратилгани айтилди. Шунингдек, умумий ҳажми 174,5 млрд сўмлик муомала даври 5 йил бўлган облигацилар ҳам биржага чиқарилган.

Қайд этилишича, ўрта ва узоқ муддатли давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилиниши миллий валютадаги паст хатарли инструментларни чиқариш орқали маблағларни жалб қилиш бенчмарки бўлиб хизмат қилади, молиявий инструментларни диверсификасиялаш ҳамда молия бозорига янги иштирокчиларни (норезидентлар, жисмоний шахслар, суғурта компаниялари ва бошқалар) жалб этиш учун замин яратади.

Давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш борасида Молия вазирлиги билан АҚШ Ғазначилиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ушбу ташкилотнинг маслаҳатчилари томонидан вазирликка техник кўмак кўрсатилаётгани маълум қилинди.

2020 йилнинг ноябрь ойида молия вазири Тимур Ишметов Лондон фонд биржасида Ўзбекистон томонидан миллий валютада 2 трлн сўм ҳажмидаги суверен облигациялар жойлаштирилганлигини эълон қилган эди. Вазирликнинг тушунтиришига кўра, халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтириши ҳамда келажакда ички молия бозорига, жумладан, давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади.