Тошкент вилоятида банкоматлар ўғрилигида гумонланиб ушланган уч фуқаро олдин ҳам шу турдаги жиноятни содир этгани аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, фуқаролар биринчи ўғриликни жорий йилнинг 1 январь куни тунги соат 3:00да содир этган. Улар Юқоричирчиқ туманидаги Нурли-замин маҳалласида ўрнатилган тижорат банкларининг бирига тегишли, баҳоси 64 млн сўм бўлган банкоматни жойидан ечиб олиб, аравага ортган ҳолда олиб кетишган.

Банкоматни шу туманнинг четроғида жойлашган дала ер майдонига олиб бориб, бузиб очишган ва банкомат ичидаги 138 млн пулларни ўғрилаб, ҳодиса жойидан яширинишган.

ИИВ Ҳузуридаги тергов департаменти масъул ходими Оксана Ҳакимова лавҳа давомида Юқоричирчиқ тумани ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Ўртачирчиқ туманида яшовчи 24, 22, 23 ёшли фуқаролар гуруҳ бўлиб содир этганини айтади.

Тергов ҳаракатлари давомида банкоматни олиб қочишда фойдаланилган араванинг ҳам ўғрилангани аниқланган.

Бундан ташқари, ушбу уч нафар фуқаро бошқа бир тижорат банкига тегишли бўлган банкоматни ҳам ўғрилагани ойдинлашган.

Таъкидланишича, ҳозирда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўртачирчиқда «Капиталбанк»нинг қиймати 185 млн сўмга тенг банкоматини ўғрилаб кетган шахслар ушлангани ҳақида хабар берган эдик. Гумондорлар банкоматни бузиб очиб, ичида пул йўқлиги кўргач, банкоматни Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишган.