Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида кўчага ўрнатилган қиймати 145 сўмга тенг «Капиталбанк» банкоматини ўғрилаган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, «Капиталбанк» АТБ амалиёт бошқарувчиси Ўртачирчиқ туман Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Унда жорий йилнинг 26 январь кунига ўтар кечаси номаълум шахс томонидан туманнинг Тошкент йўли кўчасига ўрнатилган банкомат ўғрилаб кетилгани маълум қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари натижасида мазкур жиноят Ўртачирчиқ туманида яшовчи 24 ёшли Э.А., 22 ёшли С.Н. ва 23 ёшли Ю.Д. томонидан бир гуруҳ бўлиб содир этилгани аниқланган.

Терговда қонунбузарлардан мазкур банкоматни қаерга яширганлари сўралган. Улар банкоматни темир жисм ёрдамида бузиб очганлари, бироқ банкомат ичида пул бўлмаганлиги сабабли уни Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишганини маълум қилган.

Ҳозирда, ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилаётгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Фарғона вилоятида 7 киши «Туронбанк»нинг My Тuron мобил иловасидаги хатоликдан фойдаланиб, қарийб 700 млн сўмни ўзлаштиргани ҳақида хабар берилганди.