Барча синф ўқувчилари учун она тили дарсликлари турли грамматик қоидалардан имкон қадар тозаланади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, эндиликда ўқувчилар кўпроқ матн билан ишлайди. Мавзулар тилнинг ижтимоий вазиятларда қўлланилиши нуқтайи назаридан танланади.

«Ўқувчи энди Матн остида берилган топшириқ ва машқлар асосида тил грамматикасига доир кўникмаларни ҳам эгаллаб боради. Дарсликларимиз грамматик қоидалардан холи ва болани турли қоидаларни ёд олишга мажбурламаса-да, лекин грамматик кўникмалар ўз ўрнида қолади. Шунчаки энди бу қоидалар амалий жиҳатдан ўргатилади. Уларнинг шаклига эмас, мазмунига урғу берилади», — деди у.

«Шундай экан, дарсликда грамматика эмас, грамматик қоидалар берилмаган дейиш тўғри бўлади, — деди Моҳира Нуруллаева. — Дарслик ўқувчида кўникмани шакллантириши керак. Грамматик қоидаларни эса ўқитувчи етказиши мумкин».

«Дарслик — бу дидактик материал, холос… Энди Миллий ўқув дастури асосида она тили Олий таълим муассасаларига кириш учун ДТМ тестларини ечишга эмас, она тилидан самарали фойдаланишга ўргатади. Мазкур ёндашув сабаб, афсуски, мактабларда она тили дарсларига энг кўп соат ажратилишига қарамай, ёшлар саводсиз бўлиб қолишди», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, эртага ўқувчилар ўзи муайян соҳа мутахассисига айланганида мактабда олган билимлари эвазига ўзбек тилида иш юритишга, нутқ сўзлашга, мақола ёзишга ва теран фикрлашга қийналмайди.

Шу сабабли, бундан кейин «ўтимли ва ўтимсиз феъллар», «воситали-воситасиз тўлдирувчилар», «феъл кесим ва от кесим», «сифатловчи-сифатланмиш» ва шу каби мавзулар она тили дарсликларида бўлмайди.

Шунга мувофиқ, келгусида ДТМ тестларининг баҳолаш мезонлари ҳам ўзгаради.

Аввалроқ, Республика таълим маркази вакили 2022−2023-ўқув йилидан 1−2-синф ўқувчилари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа бериш ва баҳолаш бекор қилинишини хабар берганди. Қолаверса, ушбу дарсликдан йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти тугатилади. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларига тез ўқиш талаби қўйилмайди. Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева янги тартиблар бўйича тушунтириш берганди.