1 февраль куни Туризм ва спорт вазирлигида Бўстонлиқ туманини комплекс ривожлантиришнинг биринчи бош лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.


Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Бўстонлиқ туманини тўғри ривожлантириш ўзи билан бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий, экологик ва инвестицион ўзгаришларни олиб келади.

Sputnik Ўзбекистон агентлигининг аниқлик киритишича, Азиз Абдуҳакимов Бўстонлиқ ҳудуди 1,5 йил давомида батафсил ўрганилганини маълум қилган. Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, халқ орасида «бочка» номи билан машҳур асосий транспорт чорраҳаси ҳудудида қадимий қалъа дарвозалари жойлашган. Шу боис «Чорвоқ» туристик зонаси дирекцияси бошлиғи ўринбосари Суна Паркнинг таъкидлашича, мазкур жойни «Чорвоқ дарвозаси» дея номлашга қарор қилинган.


«Лойиҳани яратишда асосий эътибор Бўстонлоқнинг ноёб табиий салоҳиятини сақлашга қаратилган, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Шу сабаб „Чорвоқ дарвозаси“ ва „Юсуфхона“ ҳудудларида экокаркас ва жамоат жойларининг барқарор тизимини яратиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, анъанавий меъморчиликка ҳам алоҳида эътибор берилган. Худди шундай, „Чорвоқ дарвозаси: Жанубий Хўжакент“ ҳудудида анъанавий тоғ қишлоғининг замонавий қиёфаси яратилади».


Қайд этилишича, сўнгги бир неча йил давомида туман бир қатор муаммоларга дуч келган. Жумладан, тартибсиз қурилиш, меҳмонхоналарда турли нарх сегментлари бўйича жойлашиш имкониятининг йўқлиги, мавжуд инфратузилманинг талабга жавоб бермаслиги, экологик деградация ва дам олувчиларнинг экологик маданиятининг у даражада юқори эмаслиги аниқланган. Мазкур муаммоларни ҳал этишда қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.


Олиб борилаётган ишлар доирасида «Чорвоқ» ТРЗ таркибидаги дастлабки икки ҳудуд: «Чорвоқ дарвозаси: Жанубий Хўжакент» ва «Юсуфхона» мажмуаларининг мастер-режалари ва ривожлантириш концепциялари ишлаб чиқилган. Ҳудудларни лойиҳалаштириш ва архитектура ечимлари «Новая Земля» (Россия) лойиҳа-консультация консорциуми ҳамда АРC архитектура бюроси томонидан амалга оширилган. Шунингдек, «ТошбошпланЛИТИ» институти ДУК мастер-режаларни батафсил режалаштириш лойиҳаларига мослаштириш қисмида иштирок этган.


Лойиҳанинг меъморий ечимлари муаллифи ва ARC архитектура бюроси раҳбари Бобир Қиличевнинг маълум қилишича, «Чорвоқ дарвозаси» лойиҳаси ҳудуди учун архитектура ечимларини яратишда, биринчи навбатда, минтақанинг анъанавий тоғ меъморчилиги, яъни табиатга ва тоғли ҳудуднинг табиий рельефига бўлган ҳурмат, сомон сувоқ, ёғоч ва тош каби табиий материаллардан фойдаланган ҳолда пардоз бериш мақсад қилинган.


Асосий ғоя — зич бинолар билан ўралган, кам қаватли ва айвони бўлган анъанавий тоғ қишлоғи қиёфасини қайта тиклаш.

«Юсуфхона ҳудуди нисбатан замонавийроқ кўринишга эга бўлиши, шу билан бирга, табиатга ва табиий рельефга бўлган ҳурмат сақланиб қолиши кўзда тутилган», — деди Бобир Қиличев.


Суна Паркнинг сўзларига кўра, ҳудудда қулай транспорт тизимидан бошлаб, боғлар ва велойўлакчаларгача бўлган дам олиш шароитларини яратиш мақсад қилинган. Бу борада Дирекция томонидан экотуризм, табиий ва рекреацион ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳасидаги халқаро тажриба батафсил ўрганилган, шунингдек, жамоат жойлари тизимини яратишда Татаристон тажрибаси қўлланилган.


Шу билан бирга, «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан Бўстонлиқ тумани ҳудудида чиқиндиларни барқарор бошқариш ва экологик маданиятни ошириш тизимини жорий этиш дастури ишлаб чиқилган. Дастур дам олувчиларнинг экологик маданиятни оширишга қаратилган инфратузилма ечимлари ва тадбирларининг бир бутун мажмуини ўз ичига олади. Шундай қилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни, жумладан, етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатиш қамровини ошириш кўзда тутилган. Чиқинди қутилари ва ахборий-маърифий ижтимоий реклама, тақиқловчи ва маълумот берувчи белгиларни ўрнатиш бўйича алгоритм ишлаб чиқилган. Экологик маданиятни ошириш ҳамда қулай ва ҳамёнбоп дам олиш шароитларини яратиш мақсадида жамоат пикник зоналари лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бундай зоналарнинг дастлабки варианти шу йил баҳор мавсумида очилиши режалаштирилган.


«Лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда маҳаллий аҳоли, жамоатчилик вакиллари ва Бўстонлиқ тумани тақдирига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фаол жалб этилиши ҳамда уларнинг иштироки таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади маълумотда.

Шунингдек, матбуот анжумани давомида Франция ҳукуматининг молиявий кўмаги билан амалга оширилган халқаро тўлиқ мавсумий курорт таркибидаги «Чимён» дам олиш маскани лойиҳаси ҳам тақдим этилди.