Чимён тоғ тизмаси ҳудудида 6 минг сайёҳга мўлжалланган халқаро даражали дам олиш маскани барпо этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 1 февраль куни Туризм ва спорт вазирлиги биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилган.

Қурилиш Франция ғазначилиги, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳага киритилган сармоянинг умумий ҳажми 269 млн долларга тенг.

Бунда Чимён тоғ тизмаси ҳудудида:

  • 20 дан ортиқ кўнгилочар йўналишлар;
  • дор йўли (гондол ва стул туридаги);
  • аттракционлар (Зип-лине, Алпине cоастер, Адвентуре тоwэр, суммер/wинтер Тубинг);
  • 11 дан ортиқ кўнгилочар йўллар;
  • 20 км бўлган тоғ-чанғи йўллари қурилиши кўзда тутилган.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

«Чимён сайёҳлик зонаси уч бекатдан иборат бўлиб, 3309 м баландликда жойлашган энг юқори бекат Марказий Осиё мамлакатларидаги дор йўлидан фойдаланадиган нуқта бўлади. Мажмуанинг бош режаси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида курорт ҳудудида жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар «E-ijro Auksion» электрон савдо майдончаси орқали босқичма-босқич реализация қилиниши белгиланган. Мазкур ҳудудда лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар эса «Чорвоқ» эркин туристик зонаси иштирокчиси мақомини олади, дейилади хабарда.

Аввалроқ, лойиҳанинг умумий қиймати 480 млн доллар бўлиши айтилганди. Унинг концепцияси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан FASEP фондининг 750 минг евро миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилиши маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Франциянинг Orex Loisirs, Compagnie des Alpes, Geode, Egis, Epode, Patriarch компаниялари томонидан ташкил этилган консорциум ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасида Чорвоқ сув омборидаги сайёҳлик зоналарини ободонлаштириш учун ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди.