Дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган 6 ойда мораторий даврида 316 минг дона қимматбаҳо дарахтлар асраб қолинган. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган.

Шу боис, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилади.

Унинг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилади.

Экология полицияси Ички ишлар тизимида фаолият юритади.

Шу билан бирга, экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 баравар оширилади.

«Барча раҳбарлар бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Бундан буён бирорта „яшил ҳудуд“ ва жамоат паркида ҳар қандай дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади», — деди президент.

Аввалроқ, президент топшириғига кўра, октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш топшириғи берилди.

Шунингдек, президент топшириғи билан ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этилиши ҳақида хабар берилди. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди. Ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан «яшил майдон» ва жамоат парклари ташкил этилиши айтилди.