Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Давлат раҳбари таъкидлашига кўра, бундан буён, парклар ва яшил зоналар ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян тақиқланади.

Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, пойтахтда 3 минг километр ички йўллар янгиланади, 10 та замонавий кўприк қурилади. Тошкентнинг оқова тизими шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқарилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги тозалаш иншооти барпо этилади.

«Келгуси беш йилда Янги Тошкент шаҳрини барпо этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш босқичма-босқич бошланади. Бутун мамлакатимиз бўйлаб „Яшил макон“ умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилади. Ҳудудларда ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт кўчатлари экилади», — деди у.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида камида 50 гектар майдонда «яшил боғлар» барпо этилиши маълум қилинди. Шаҳарлар ва туман марказларида ҳар 50−100 минг аҳоли учун жамоат парклари ташкил этилади, деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 23 август куни президент раислигида экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазаси юзасидан йиғилишда Шавкат Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши ҳақида маълум қилган эди. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши ҳам қайд этилганди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этиб, пойтахтда яшовчи ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келаётганини маълум қилганди. (2018 йилда 60 кв. м экани айтилган эди). Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткични Лондон даражасига олиб чиқиш учун қарийб 1,5 млн туп «сифатли дарахтлар» экилиши керак.