24 ноябрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишининг олдини олиш бўйича мораторий даврида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нарзулла Обломурадов мораторий мобайнида табиатга 9 млрд 787 млн 200 минг сўм миқдорида зарар етказилганини қайд этган.

«Мораторий эълон қилингач, 20 ноябрь ҳолатига экологик тадбирлар натижасида 3897 та қонунбузарлик аниқланган. Уларда 4 млрд 316 млн сўмдан ортиқ жарима белгиланган. Шундан 2 млрд 757 млн 400 минг сўм ундирилди. Мазкур ҳолатлар юзасидан табиатга етказилган зарар миқдори — 9 млрд 787 млн 200 минг сўмни ташкил этган ва шундан, 2 млрд 942 млн 400 минг сўми ундирилди», — дея таъкидлади Нарзулла Обломурадов.

Таъкидланишича, табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича [6 млрд 913 млн 100 минг сўм] тўпланган ҳужжатлар суд, прокуратура, МИБ, ИИБга киритилган. 17 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга жиноий иш қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 121 та аслаҳалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида жами 2298 м³ бута, 7854 туп дарахт, шундан, 3307 дона қимматли ва 4547 дона кам қимматли дарахтлар ноқонуний равишда кесилган. Ҳуқуқбузарликларнинг 167 таси мансабдор шахслар томонидан содир этилган. Хусусан, Сирдарё тумани ҳокимининг ўринбосари 11,7 млн сўм ҳамда Яккасарой туманида «Вuildinig and Supplies» қурилиш корхонаси томонидан 81 туп дарахтлар кесилганлиги натижасида 630,4 млн сўм миқдорида табиатга зарар етказилган.

Анжуманда қайд этилишича, мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 4018 та мурожаат келиб тушган. Уларда 188 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига рухсат сўралган. Қўмита вакили жами 134 232 туп (71 фоиз) дарахт ва буталарнинг кесилишига, шундан 65 105 туп шарқ чинори, эман, қрим қарағайи, чинорсимон заранг, элдор қарағайи, каштан, шумтол, туранғил ва бошқа 20 турдан ортиқ қимматбаҳо дарахт ва буталарнинг кесилишига рад жавоби берилганини айтди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Давлат экология қўмитаси мораторий муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритгани ҳақида ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Экология қўмитаси январдан сентябргача бўлган вақт оралиғида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси томонидан 37543 та қоидабузарлик аниқлангани, табиатга етказилган зарар ҳажми 15 млрд сўмдан ортиқ деб баҳоланаётгани ҳақида хабар қилган эди. Шунингдек, 22 ҳолатда жиноятчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.