Ўзбекистон Экологик партияси ҳукуматдан бутун республика бўйлаб ўта қийматли ва тарихий аҳамиятга эга дарахтларни кесишга олти ойлик мораторий эълон қилишни сўради. Бу вақт давомида ушбу дарахтларни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Партия раҳбари Борий Алихоновнинг 4 сентябрда Вазирлар Маҳкамасига ёзган хатида бу ҳақда сўз боради.

Мамлакатдаги аҳоли пунктларида дарахтларнинг кесилиши қизғин муҳокаларни келтириб чиқарди, дейилади мактубда. Ижтимоий тармоқларда иншоотлар, саноат ва ижтимоий объектлар, йўллар ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда оммавий равишда дарахт ва буталарнинг кесиб ташланаётгани ҳақида тез-тез хабарлар тарқалмоқда. Бунда кўп ҳолларда кўп йиллик дарахтларнинг кесилиши жамоатчилик норозилиги ва ғазабини уйғотмоқда.

Мораторий даврида Экопартия комплекс қонуний чоралар ҳамда амалий чораларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Жумладан:

  • табиий ёдгорлик деб эълон қилинган дарахтларни экиш, парваришлаш, санитар кесиш, инвентаризация қилиш ва паспортлаштириш;
  • шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида яшил экинлар хариталарини ишлаб чиқиш;
  • объектлар (жумладан, шаҳарларнинг бош режалари) қурилиши ва реконструкциясини режалаштиришда яшил экинлар жойлашувини ҳисобга олиш;
  • беш ёшдан катта дарахтларни кесиш бўйича қарорларнинг шаффофлиги ва асосланганлигини таъминлаш;
  • жавобгарликни персоналлаштириш, экологик қонунларни бузганлик учун жарима жазоларини кучайтириш, зарурат туғилган тақдирда, жиноий жавобгарликни жорий этиш;
  • кўп йиллик дарахтларни кесиш бўйича ваколатли давлат органлари ва бошқа тузилмаларнинг жавобгарлигини ошириш.

Экопартия, шунингдек, дарахтларни санитар кесиш ва кесиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, ёғочлардан тижорат мақсадида фойдаланишда экологик талабларга риоя этилиши бўйича махсус комиссия тузишни ҳам таклиф қилмоқда.