Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2020 йилда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

«2020 йил давомида ўтказилган давлат экологик назорати натижаларига кўра дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши билан боғлиқ жами 3 960 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Ноқонуний дарахткесарларнинг 136 нафари мансабдор шахс», — деди у.

Ҳуқуқбузарларга жами 4 млрд 578 млн сўм жарима солинган, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори эса — 15 млрд 305 млн сўмни ташкил этмоқда.

«18 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 127 та қурол-аслаҳалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган», — деди қўмита вакили.

Таъкидланишича, 2 724 м³ бута, 7 812 дона дарахт шундан, 3 428 дона қимматли ва 4 384 дона камёб ва қимматбаҳо дарахт ноқонуний равишда кесилган.