Президентнинг 3 февралдаги фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш мажбурияти киритилмоқда.

Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланмоқда.

Дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилади.

Аввалроқ, «Газета.uz» Давлат экология қўмитаси мораторий муддатини бир йилга узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритгани ҳақида ёзган эди.

Бунга қадар президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги фармони [ПФ-5863-сон] билан мораторий муддати 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар жорий этилган эди.

Мазкур ҳужжат қабул қилингунга қадар, январь ойида Сергели туманида 14 туп ҳар хил турдаги дарахтлар рухсатномасиз илдиз қисмидан қўпориб ташланди.