Тошкент вилояти ҳокимлиги Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуаси ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биноси қурилиши бекор бўлмагани, аксинча кечиктирилгани ҳақида маълум қилди.

Вилоятнинг аввалги ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг 3 ноябрдаги фармойиши билан ёдгорлик мажмуаси ва кутубхона қурилиши учун маҳаллий бюджетининг жорий йил III чорак якуни шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан жами 34,4 млрд сўм маблағлар йўналтирилиши белгиланган эди.

18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими в.б. этиб тайинланган Зойир Мирзаев ўзидан олдинги ҳокимнинг мазкур фармойишини бекор қилди. Бу ҳақда ҳоким имзолаган фармойишда сўз борган.

Хусусан, қурилиш учун ажратилган 34,4 млрд сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетига тикланган ҳолда, вилоятдаги ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида 1,65 млрд сўм ажратилиши қайд этилган.

«Бунда, вилоят ҳокимининг 2021 йил 3 ноябрдаги 179−10−0-F/21-сонли фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилсин», — дейилган Зойир Мирзаев имзо чеккан фармойишда.

Вилоят ҳокимлиги ҳолатга расмий муносабат билдириб, фармойиш бекор қилинмагани, аксинча, бошқа қарздорликларни бартараф этиш учун кечиктирилганига ишонтирмоқда.

Таъкидланишича, ҳокимлик томонидан йил якунига қадар амалга оширилиши зарур бўлган муҳим тадбирлар кўламини инобатга олиб, 2021 йил давомида Тошкент вилояти маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши таҳлил қилинган.

Натижада, жорий йил якунига қадар Тошкент вилояти собиқ ҳокимининг (Даврон Ҳидоятов) фармойишига асосан ажратилган маблағларни белгиланган тадбирлар бўйича ҳисоб-китоблар ва лойиҳалаштириш ишлари якунига етмаганлиги сабабли ўзлаштириш имкони мавжуд эмаслиги аниқланган:

  • ҳокимнинг 2021 йил 23 апрелдаги 144-ф-сон фармойишига асосан камералар учун;
  • 2021 йил 30 апрелдаги 157-ф-сон фармойишига асосан кичик саноат зонасида ичимлик ва оқава сув тармоқларини улаш учун;
  • ҳокимнинг 2021 йил 3 ноябрдаги фармойишига асосан Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш учун.

Бюджет кодексига асосан молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида амалга оширилиши белгилангани сабабли, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши билан келишилган ҳолда юқоридаги тадбирларга ажратилган маблағлар қисман чегирилгани айтилмоқда.

«Шунингдек, вилоятда „Обод қишлоқ“ ва „Обод маҳалла“ дастурлари доирасида пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан қарздорликлар шаклланган бўлиб, чегирилган маблағлар вилоятда олиб борилаётган ва молиялаштирилиши зарур бўлган бошқа мақсадлар ҳамда кредитор қарздорликларни бартараф қилишга йўналтирилиши белгилаб олинди», — дейилади хабарда.

Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш бўйича фармойиш бекор қилинмаган. Аксинча, жорий йил молия йили давомида ажратилган маблағларнинг ишлатилмаган қисмидан самарали фойдаланиш ва бошқа қарздорликларни бартараф этиш учун чегириб олинган, дейилади ҳокимлик хабарида.

Ушбу объектга кейинчалик аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши кўзда тутилгани қўшимча қилинган.

34,4 млрд сўмлик лойиҳанинг бекор қилинганини жамоатчилик фаоллари қаторида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ижобий деб баҳолаганди. «Бироқ бошқа вилоятларда бўлганидек Тошкент вилояти учун ҳам алоҳида хотира майдони бунёд этиш масаласи кун тартибидан йўқолмаслиги керак», — деганди у.